Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш доирасида BRT (Bus Rapid Transit) – автобуслар учун ажратилган йўлаклар тармоғини кенгайтириш лойиҳаси тақдим этилди. Ҳокимият маълумотига кўра, тизим 10 та йўналишни қамраб олади ва умумий узунлиги 51 километрни ташкил этади.
Мазкур йўналишлар орасида илгари трамвай қатнови бўлган кўчалар ҳам мавжуд. Улар орасида Алишер Навоий, Беруний, Шота Руставели, Амир Темур, Шаҳрисабз, Лутфий, Муқимий, Янги Сергели, Нурафшон ҳамда Махтумқули кўчалари бор.
Лойиҳа учун умумий 126 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 18 км/соатдан 23 км/соатгача ошади, ҳаракат интервали эса 20 дақиқадан 8–10 дақиқагача қисқаради.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаковнинг таъкидлашича, ҳар куни пойтахтга 400 мингдан ортиқ автомобил кириб келади, бу эса йўлларда тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, президент топшириғига биноан, шаҳар атрофларида автовокзаллар, тўхташ жойлари барпо этилади. Қурилиш ишлари келаси йилда бошланиши режалаштирилган.
Агар BRT тизими тўлиқ жорий этилса, пойтахт атрофидаги аҳоли шаҳар марказига жамоат транспорти орқали бемалол етиб келиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, Тошкентга кириш ва чиқишдаги назорат постлари ҳам кўчирилади — мазкур чоралар шаҳар йўлларидаги тирбандликларни камайтириш ҳамда автотранспорт ҳаракатини янада соддалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас