Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси доирасида ташкилотнинг янги президенти сайлови бўлиб ўтди. Бу лавозимни Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Қатар Олимпия қўмитаси президенти Жавон бин Ҳамад ал-Тоний эгаллади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
У ягона номзод бўлиб, бир овоздан сайланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жавон бин Ҳамад ал-Тонийни сайлангани билан табриклаб, Осиё мамлакатларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамизки, бугун Тошкентда Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси очилди. Йиғилишларнинг биринчи қисми Осиё спортини янада ривожлантиришни белгиловчи ташкилий масалалар ва асосий ечимларга бағишланди.
Ассамблеяни ООК президенти вазифасини бажарувчининг табрик сўзи очиб берди. Шунингдек, иштирокчиларга Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг видеомурожаати намойиш этилди. Сессия аввалида OCA Merit Award (ООК олдидаги хизматлари учун) мукофоти топширилди.
Асосий қарорлардан бири ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилувчи шаҳарлар билан шартнома имзолаш бўлди. Тошкент 2029-йилги ўйинлар пойтахти сифатида расман тасдиқланди, Пномпень эса 2031-йилги мусобақаларга мезбонлик қилади. Имзолаш Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтди.

Изоҳлар мавжуд емас