Загрузка
Загрузка
Озарбайжонда Рамиз Меҳдиев ва Али Керимли бошчилигидаги гуруҳ давлат тўнтариши ва сотқинликда айбланди
Дунё

Озарбайжонда Рамиз Меҳдиев ва Али Керимли бошчилигидаги гуруҳ давлат тўнтариши ва сотқинликда айбланди

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати мамлакатнинг собиқ энг қудратли мулозимларидан бири Рамиз Меҳдиев ва мухолифат етакчиси Али Керимлини хорижий давлатлар фойдасига жосуслик қилиш ҳамда ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уринишда айблаб, кескин баёнот билан чиқди. 

Расмий айблов хулосасига кўра, ушбу шахслар 2012 йилда Россияда ташкил этилган "Миллиардерлар иттифоқи" орқали чет эл махсус хизматлари билан тил бириктирган. Ушбу фитнанинг асосий мақсади сифатида Озарбайжондаги конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш ва ҳокимият тепасига чет эл манфаатларига хизмат қилувчи шахсларни олиб келиш кўрсатилмоқда. Тергов ҳужжатларида Али Керимлининг хорижий давлатлар вакиллари билан яширин музокаралар олиб боргани, агар ҳокимиятга келса, Озарбайжонни босқичма-босқич КХШТ (ОДКБ) аъзосига айлантириш ва чет эл давлатининг стратегик манфаатларини таъминлашга ваъда бергани алоҳида қайд этилган. 

Айбловнинг яна бир оғир қисми 2020 йил 15 июль воқеалари билан боғлиқ. Ўшанда Тоғли Қорабоғдаги вазият сабабли Бокуда армияни қўллаб-қувватлаш учун чиққан оммавий марш вақтида Али Керимли ўз тарафдорларига ватанпарварлик шиорларини провокацион чақириқларга айлантириш ва хаос келтириб чиқариш орқали Миллий Мажлис ҳамда Давлат телерадиокомпанияси (AzTV) биноларини босиб олишга кўрсатма бергани таъкидланмоқда. Мақсад — Озарбайжондаги оммавий тартибсизликлар фонида ҳокимият алмашганини эълон қилиш бўлган. 

Президент администрациясининг собиқ раҳбари Рамиз Меҳдиевга нисбатан айбловлар яқин ўтмишни ҳам қамраб олган. Тергов маълумотларига кўра, у 2025 йилнинг август-сентябрь ойларида чет тилида тайёрланган "Давлат бошқарув тизимини қайта қуриш бўйича таклифлар" номли махфий ҳужжатни хорижий махсус хизматларга етказган. Ушбу ҳужжатда амалдаги ҳокимиятга қарши ҳаракатлар режаси ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи йўналишлар акс этган. Бундан ташқари, Меҳдиев 17 миллион манатдан ортиқ жиноий йўл билан топилган маблағларни легаллаштирганликда ҳам айбланмоқда. 

Ҳозирда Озарбайжон Жиноят кодексининг 274 (давлатга хоинлик) ва 278.1 (ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш) моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Мамлакат ташқарисида бўлган айбланувчиларга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиб, халқаро қидирув эълон қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея собиқ президент Юн Сок Ёль ҳам исён ва давлатга хиёнат айбловлари бўйича гумонланганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...