Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бекатлардан бирининг ажабтовур ҳолати акс этган видео ва суратлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Гап шундаки, бекатнинг автобус тўхтайдиган қисми темир панжара билан тўсиб қўйилган бўлиб, йўловчилар транспортга чиқиш учун баланд тўсиқлардан сакраб ўтишга мажбур бўлишмоқда.
Интернет фойдаланувчилари ушбу ҳолатни кескин пичинг ва ҳазиллар билан қарши олишган. Кўпчилик буни "аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб қилишнинг янгича усули" деб атамоқда.
Ижтимоий тармоқ фаоллари бекатга ўтиш жойининг панжара билан ёпиб қўйилганини "инновация" деб баҳолаб, автобус келганда тўсиқдан сакраган йўловчиларнинг "еган овқати ҳазм бўлиб, қўқонлик табибга боришга ҳожат қолмаслигини" ёзишмоқда.
Ҳозирча Гулистон шаҳар ҳокимлиги ёки тегишли ободонлаштириш бошқармалари мазкур "тўсиқли бекат" юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.
Бу каби ҳолатлар шаҳар инфратузилмасини лойиҳалашда пиёдалар ва йўловчилар манфаатлари доим ҳам инобатга олинмаётганини кўрсатмоқда. Фуқаролар мутасаддилардан мазкур кулгили, аммо ноқулай вазиятни тез орада бартараф этишни сўраб қолишган.

Изоҳлар мавжуд емас