Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аксилкоррупция форумида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим натижалари ва тизимдаги назорат тадбирлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, соҳада тадбиркорлар учун рақобат муҳитини кенгайтириш ва коррупциявий хавфларни камайтириш борасида салмоқли натижаларга эришилган.
Хусусан, давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари сони сўнгги йилларда 51 фоизга ошиб, 623 мингдан ошган. Рақобатли савдоларнинг йўлга қўйилиши натижасида эса бюджетнинг 15,6 триллион сўмлик маблағи иқтисод қилинишига эришилган.
Бироқ, тизимда қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида 1,9 триллион сўмлик 1463 та давлат харидида камчиликлар аниқланиб, 1,5 триллион сўмлик ноқонуний сарф-харажатларнинг олди олинган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 29 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 339 нафар шахс маъмурий ва 137 нафари интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 2025 йилда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган 86 нафар мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Назорат тадбирлари жорий йилда ҳам изчил давом этмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида Агентлик томонидан 225,1 миллиард сўмлик 52 та харид жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари фош этилган. Ҳозирда ушбу ҳолатларни бартараф этиш ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўриш бўйича қатъий ишлар олиб берилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ҳисоботда суд тизимидаги коррупция ва қонунбузарликлар кўлами очиқланганди. Эндиликда тизимда назорат кучайтирилиб, судьяларнинг мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тартиби жорий этилади.

Изоҳлар мавжуд емас