Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилоятининг Фориш туманида боғча тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиши юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Болалар омбудсмани офиси вакиллари жабрланган болалар даволанаётган туман тиббиёт бирлашмасида мониторинг ўтказди. 10 октябрь оқшоми ҳолатига кўра, шифохонада тўрт ёшдан олти ёшгача бўлган тўрт нафар бола - икки ўғил ва икки қиз қолмоқда. Уларнинг барчаси шифокорлар назоратида бўлиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Болалар омбудсмани ота-оналар ва тиббиёт ходимлари билан ҳам учрашиб, болаларнинг даволаниш тафсилотлари ва аҳволини шахсан аниқлади.
Аввалроқ Фориш туманидаги 1-, 3-, 5- ва 7-сонли давлат боғчаларининг 37 нафар тарбияланувчисида овқатдан заҳарланиш аломатлари - иситма, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик қайд этилгани ҳақида хабар берилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, болалар 8 октябрь куни биокефир, пишлоқ ва сариёғ истеъмол қилган, шундан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилиб, содир бўлган воқеанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда.
Шу билан бирга, 10 октябрь куни тушдан кейин Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фақат икки нафар бола шифокорлар назорати остида эканлигини маълум қилди, гарчи бир соат олдин вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси олти нафар бола шифохонада ётқизилгани ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида 1,9 мингдан ортиқ бола заҳарланган эди. Энг кўп жабрланганлар Бўстонлиқ туманида қайд этилган - 537 нафар бола. Пискент, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманлари, Олмалиқ, Нурафшон ва Бекобод шаҳарларидаги болалар боғчалари тарбияланувчилари ҳам заҳарланишдан шикоят қилган. Ўшанда заҳарланишга болалар боғчаларига етказиб бериладиган кефир ҳам сабаб бўлган. Кейинроқ Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бунга масъул бўлган амалдорларни лавозимидан озод этиш кераклигини айтди.
Изоҳлар мавжуд емас