Загрузка
Загрузка
Самарқандда иқтидорли ёшлар ўрнига ўз фарзандларини хорижга юборган амалдорлар ишдан бўшатилади
Жамият

Самарқандда иқтидорли ёшлар ўрнига ўз фарзандларини хорижга юборган амалдорлар ишдан бўшатилади

91
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти ҳақиқий ғолиб ёшлар четда қолдирилиб, ўз фарзандлари ва жиянларини давлат ҳисобидан хорижий саёҳатга юборган. Ушбу ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов Самарқанд вилояти ММТБдаги эҳтимолий қонунбузарликларни текширди.

Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов Россиядаги тадбирга борадиган ўқувчилар гуруҳига ўз яқинларини қўшгани ижтимоий тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Жамоатчилик фаоли томонидан очиқланган ушбу ҳолатдан кўп ўтмай, бошқарма бошлиғининг ўзи ижтимоий тармоқдаги пост остида изоҳ қолдириб, воқеани тасдиқлаганди.

Кеча, 6 февраль куни ўтказилган мажлисда Акмал Бурхонов ушбу ҳолат бўйича қатъий чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Аниқланишича, бошқарма мутасаддилари хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, танловларда ғолиб бўлган иқтидорли ёшларнинг ўрнини ўз қариндошлари билан алмаштиришган.

Ушбу "оилавий саёҳат" давлат бюджетига зарар келтирган. Кўрилган чоралар натижасида айбдор амалдорлар сарфланган 28 миллион сўм маблағни маҳаллий бюджетга қайтариш мажбурияти юкланган. Бироқ масала фақат пул қайтариш билан чекланмайди.

Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, мазкур ҳолат бўйича тегишли вазирликка тақдимнома киритилган. Унда қонунбузарликка йўл қўйган ва тизимни шахсий манфаатлари йўлида фойдаланган самарқандлик амалдорларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш талаб қилинган.

"Иқтидорли ёшларнинг меҳнатини қадрламай, уларнинг ўрнига ўз жиянларини юбориш — нафақат қонунбузарлик, балки келажак авлод ишончига хиёнатдир", — дея таъкидладиган агентлик раҳбари.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вазирликнинг якуний қарори кутилмоқда. Бу каби ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам бор-йўқлиги юзасидан мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...