Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов Россиядаги тадбирга борадиган ўқувчилар гуруҳига ўз яқинларини қўшгани ижтимоий тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлди.
Жамоатчилик фаоли Хайрулла Мамасолиев томонидан очиқланган ушбу ҳолатда раҳбарнинг таниш-билишчиликка йўл қўйгани танқид остига олинган. Кўп ўтмай, бошқарма бошлиғининг ўзи ижтимоий тармоқдаги пост остида изоҳ қолдириб, воқеани тасдиқлаган.

Музаффар Ҳамдамов ўз ҳаракатини "Шунчалик катта гуноҳ эканини билганимда, рухсат бермас эдим! Тан оламан, нотўғри бўлган", дея изоҳлаган. Шунингдек, ўғли боришни хоҳламагани, лекин унинг гапи билан борганини қўшимча қилган.

Бу изоҳлардан сўнг ижтимоий тармоқ фаоллари кескин муносабат билдиришган. Хусусан, улардан бири ишдан бўшатиш ҳақида ариза ёзишини маслаҳат берган. Яна бири эса “аянгизнинг гаштагини ургут районо бошлиғи ўтказиб берганига энди 100 фоиз ишонаман!” дея фикр қолдирган.

Вилоят таълим бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, делегация таркиби нима сабабдан ўзгарганига ойдинлик киритган.
Дастлабки таркиб аслида 14 нафар ўқувчи ва бир ўқитувчи бориши керак бўлган. Айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти бўлмагани, баъзиларининг ота-онаси розилик бермагани сабабли рўйхат қайта шакллантирилган.
Натижада 8 нафар аълочи ўқувчи ва 2 нафар масъулдан иборат 10 кишилик жамоа Россияга йўл олган.
Ушбу ҳолат давлат хизматчилари ўртасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги борасидаги масалаларни яна бир бор кун тартибига чиқарди.

Изоҳлар мавжуд емас