Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган икки муҳим ҳужжатни — "Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон ҳамда "Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Мазкур ҳужжатлар билан 2030-йилгача касбий таълимни модернизация қилиш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жумладан:
-
халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 250 тага етказилади;
-
9-синф битирувчиларининг касбий таълим билан қамрови 29 фоиздан 50 фоизга оширилади;
-
дуал таълим тизимининг улуши 9 фоиздан 40 фоизга етказилади;
-
касбий сертификатга эга ишлаб чиқариш усталарининг улуши 30 фоизга,
-
хорижда малака оширган педагоглар сони эса 100 нафардан 2 500 нафарга етказилади.
Фармонга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги тузилди. Унинг марказий аппаратида 70 та штат бирлиги бўлади.
Агентлик қуйидаги йўналишларда фаолият юритади:
-
техникумлар ишини мувофиқлаштириш ва касбий таълим сиёсатини амалга ошириш;
-
таълим дастурлари, малака даражалари, ўқитиш муддатлари ҳамда баҳолаш мезонларини белгилаш;
-
"ваучер" тизимидан четда қолган шахсларни касбга ўқитиш;
-
хорижий иш берувчилар буюртмаси асосида фуқароларни касб ва тил курсларига жалб этиш.
-
дуал таълим ва техникумлар учун янги рағбатлар
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали ҳар ойда БҲМ миқдорида стипендия тўланади.
Бундан ташқари, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан техникумлар учун миллий рейтинг тизими жорий этилади. 2026-йилдан бошлаб ҳар ўқув йили якунида энг юқори натижа кўрсатган 50 та техникум ҳар бири БҲМнинг 3 000 баравари миқдорида мукофот олади.
Шу йилдан бошлаб ҳар йили Президент соврини учун "Касбий маҳорат миллий танлови" ўтказилади.
Президент қарорига кўра, 2030 йилгача техникумлар фаолиятини тугатиш, уларнинг бино-иншоотлари ва ер майдонларини хусусийлаштириш тақиқланади.
Мутасаддиларга ҳужжатларни чуқур ўрганиш, жойларда изчил тушунтириш ишлари олиб бориш топширилган. Расмий маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа идоралар сайтларида мунтазам эълон қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб директорларига, уларнинг ўринбосарларига ҳамда ўқитувчиларга иш натижаларига қараб ойлик мукофот пуллари тўланиши белгиланган эди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланди.

Изоҳлар мавжуд емас