Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Туркия Azon Global диний сайти асосчиси Алишер Турсуновни Ўзбекистонга депортация қилди.
Эслатиб ўтамизки, 8 май куни эрталаб Туркия полицияси уни Истанбулдаги ўз уйида қўлга олган. Сўроқдан сўнг Турсуновни депортация марказига ўтказиб, 9 май куни озод қилишлари керак эди. Ушбу санадан кейин унинг қаердалиги ва соғлиғи ҳақида маълумот берилмаган, оиласи ва адвокатлар ҳеч қандай расмий маълумот ололмаган.
Блогернинг адвокати Иброҳим Эргин Azon Global порталида блогер Эдирне шаҳридаги миграция марказида ушлаб турилгани, шанба куни Истанбулга қайтарилгани, сўнгра қонуний тартибларга риоя қилинмасдан Ўзбекистонга ноқонуний экстрадиция қилинганини маълум қилди. Республика ИИВ депортация ҳолатини тасдиқлади.
ИИВ маълумотига кўра, Турсунов таъсисчилик қилган платформалар орқали тарқатилган маълумотлар қонунга зид деб топилган. Ўтказилган экспертизалар хулосаси асосида унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси (жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш) ва 244³-моддаси (қонунга хилоф диний материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Турсунов Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. 2017 йилда у интернет-портал, интернет-радио ва интернет-телевидениени ўз ичига олган диний мавзудаги Азон медиа гуруҳини ташкил этди. Барча лойиҳалар 2023 йил август ойида ёпилган, бироқ бир неча ой ўтгач, блогер Azon Global ахборот-таҳлилий порталини ишга туширди.
Изоҳлар мавжуд емас