Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Паркент кўчасида жойлашган "Aviator Korzinka" биносида кучли ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) раҳбарияти бошчилигида ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
ФВВ маълумотларига кўра, соат 15:47 да келиб тушган хабардан сўнг қутқарув экипажлари 6 дақиқа ичида (соат 15:53 да) воқеа жойига етиб боришган. Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган.
Бино ичидаги барча фуқаролар ва ходимлар зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида хабар келиб тушмаган.
Ёнғинни ўчириш ишларига ФВВнинг барча зарур куч ва воситалари жалб этилган. Жараёнга Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор А.Икрамов шахсан бошчилик қилмоқда.
Ҳозирда ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ҳудуддаги транспорт ҳаракати ва хавфсизлик чоралари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тартибга солинмоқда.
Бугун Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги икки қаватли уйларнинг бирида ҳам ёнғин содир бўлганди. Газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган эди.

Изоҳлар мавжуд емас