Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Конго Демократик Республикаси шарқидаги Шимолий Киву провинциясида жойлашган Рубая конида юз берган кучли кўчки камида 227 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги исёнчилар томонидан тайинланган губернатор матбуот котибига таяниб хабар берди.
Фожиа колтан (металл рудаси) қазиб олинадиган конда содир бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида нафақат кончилар, балки ҳудуддаги бозорда бўлган савдогарлар ва болалар ҳам борлиги айтилмоқда. Қутқарув ишлари давомида бир неча киши сўнгги сонияларда омон қолган бўлса-да, улар оғир тан жароҳатлари олган.
Рубая кони 2024 йилдан бери "M23" исёнчи гуруҳи назорати остида бўлиб келган. Ҳозирда расмий равишда 227 нафар қурбон ҳақида маълум қилинган, бироқ вайроналар остида яна одамлар бўлиши мумкинлиги сабабли рақамлар аниқлаштирилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, кучли кўчки шахтанинг ўпирилишига ва атрофдаги савдо ҳудудларини тупроқ босиб қолишига сабаб бўлган.
Маълумот учун, Конго Демократик Республикаси дунёдаги колтан заҳираларининг катта қисмига эгалик қилади, бироқ ноқонуний қазиб олиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик тез-тез оммавий қурбонларга сабаб бўладиган фалокатларни келтириб чиқаради.
Аввалроқ Индонезияда даҳшатли кўчки натижасида 7 киши ҳалок бўлгани, 80 дан ортиқ одам бедарак йўқолгани ҳақида хабар бергандик.

Изоҳлар мавжуд емас