Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Instagram тармоғида ўзини таниқли косметолог ва тажрибали жарроҳ сифатида реклама қилиб, аёлларнинг соғлиғига жиддий зиён етказган сохта мутахассис 150 миллион сўм жаримага тортилди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан жаримани ундириш чоралари кўрилган. Қарздор ихтиёрий равишда тўловни амалга оширмагани сабабли, унга тегишли бўлган Tracker русумли автомашина қидирув тадбирлари натижасида топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.
Аниқланишича, сохта косметолог Instagram орқали ёлғон реклама бериб, тиббий маълумоти ва лицензияси бўлмаса-да, 2000 йилда туғилган ёш қизнинг кўкрак ва думба соҳаларига сертификатланмаган "биогель" юборилгани натижасида "ўртача оғир" тан жароҳати етказган.
Экспертиза буни анатомик билимлар етишмаслиги ва стерилликнинг бузилиши билан изоҳлаган.
Бу хизмати учун косметолог жабрланувчидан 1 200 доллар олган.
Суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, жабрланувчида инъекциядан кейинги инфильтрат ва чандиқлар ҳосил бўлган.
Суд сохта шифокорни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) билан айбдор деб топган. Унга узил-кесил 150 миллион сўм миқдорида жарима тайинланган. Шу билан бирга судланувчи 3 йил муддатга тиббий косметологик муолажалар билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Судланувчи жабрланувчига етказилган 1 200 доллар миқдоридаги моддий зарарни қоплагани инобатга олинган.
Қайд этиш жоизки, у муқаддам худди шундай жинояти учун 50 миллион сўм жаримага тортилган бўлса-да, жиноий фаолиятини давом эттирган. Ҳозирда МИБ томонидан тайинланган янги жаримани мажбурий тартибда ундириш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас