Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон ва Наманган вилоятларида пора олишда гумонланган бир неча мансабдор шахс ушланган. Улар орасида таълим тизими ходими, шунингдек, давлат кадастрлари палатаси филиали бошлиғи ҳам бор.
ДХХ матбуот хизматининг хабар беришича, Андижон вилоятида Давлат кадастрлари палатаси филиали бошлиғи туман захирасидаги 17 сотих ер майдонини ноқонуний равишда фуқаронинг номига нотурар жой сифатида расмийлаштириб, бунинг учун 4 минг доллар олган.
Ҳолат юзасидан мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Яна бир ҳолат Наманган вилоятида аниқланган. Ушбу коррупсион схемада туман халқ таълими ва мактабгача таълим бўлими мудири ҳамда икки нафар хусусий боғча раҳбари иштирок этган. Улар маҳаллий фуқародан танишини давлат мактабгача таълим муассасасига мудир этиб тайинлашда ёрдам бериш учун 2,5 минг доллар талаб қилишган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида дастлаб хусусий боғча директори барча пулларни олган вақтида, сўнгра унинг жиноий шериги қўлга олинган.
Тергов давомида аниқланишича, пулларнинг бир қисми таълим бўлими бошлиғига берилиши керак бўлган. У ҳам жиноят устида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакатнинг учта шаҳрида бир вақтнинг ўзида талабаларни пул эвазига ўқишга киритиш билан боғлиқ йирик фирибгарлик схемаларини фош қилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас