Загрузка
Загрузка
Наманганда фуқарони қийноққа солган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди
Ҳодисалар

Наманганда фуқарони қийноққа солган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди

89
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган шаҳри суди фуқарони қийноққа солиш ва уни асоссиз қаматишга уринишда айбдор деб топилган уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан ҳукм чиқарди. Аввалроқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Batafsil.uz мухбири суд ҳужжатлари билан танишиб чиқди.

Суд материалларига кўра, воқеа 2025 йил 14 август куни шахсий адоват замирида юзага келган. Яъни Абдулахад Ўрмонов ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида маиший-оилавий келишмовчиликлар мавжуд бўлган. Хусусан, турмуш ўртоғи оилавий жанжаллар, эр томонидан босим ва мунтазам тортишувлар юзасидан профилактика инспекторига бир неча бор мурожаат қилгани қайд этилган. Ушбу мурожаатлар оилавий низони ҳал этиш ва профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида қилинган.

Ўрмонов ўз турмуш ўртоғининг инспекторга мунтазам мурожаат қилиб юриши сабабли шубҳага борган, у инспектордан бу масала юзасидан изоҳ талаб қилган ва уни безовта қилган. Натижада ўзаро тортишувлар кескин муносабатларни юзага келтирган.

Шу боис профилактика инспектори Баҳромжон Дўстназаров жабрланувчи Абдулахад Ўрмоновнинг турмуш ўртоғи билан боғлиқ шубҳаларидан ғазабланиб, уни "жазолаш" мақсадида ҳамкасблари билан тил бириктирган. Собиқ ходимлар фуқарони Наманган шаҳар 1-сонли ИИБ биносига мажбурлаб олиб келган, видеокузатув камералари бўлмаган хонада аёвсиз калтаклашган.

Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчида ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатларини қайд этган бўлиб, шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Хусусан, профилактика инспектори Дўстназаров юзига урган, унинг шериклари Қодиров унинг кўкрак ва қорин қисмига тиззаси билан сакраган, Тожибоев эса тепган.

Тергов жараёнида аниқланишича, айбланувчилар ўз жиноятларини яшириш мақсадида фуқарога нисбатан "майда безорилик" ва "ИИБ ходимига қаршилик кўрсатиш" важлари билан сохта ҳужжатлар расмийлаштиришган. Улар жабрланувчини маъмурий қамоққа олдиришга уринишган, бироқ суд материаллардаги шубҳали ҳолатлар туфайли ишни қўшимча текширувга қайтарган.

Натижада ходимларнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани, далилларни сохталаштиргани ва қонунга хилоф равишда ушлаб туриш жиноятларини содир этгани фош этилган.

Улар Жиноят Кодексининг 104-моддаси (оғир тан жароҳати етказиш), 206-моддаси (мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш), 230-моддаси 1 қисми (далилларни сохталаштириш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш) бўйича айбдор деб топилган.

Суд қарорига кўра, собиқ ходимлар Баҳромжон Дўстназаров 7 йил, Исломжон Қодиров 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, Муҳаммаджон Тожибоевнинг озодлиги эса 5 йилу 2 ой муддатга чекланди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...