Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Давлат департаменти Эроннинг янги тайинланган олий раҳбари Мужтабо Хоманаий ва яна тўққиз нафар юқори мартабали мулозим ҳақида маълумот берганларга 10 миллион долларгача мукофот ваъда қилди.
Давлат департаментининг "Адолат учун мукофот" (Rewards for Justice) дастури томонидан эълон қилинган рўйхатдан Ислом инқилоби қўриқчидари корпуси (ИИҚК) билан алоқадор бўлган 10 нафар амалдор жой олган. Вашингтон уларни бутун дунё бўйлаб террорчилик ҳаракатларини ташкил этиш ва амалга оширишда айбламоқда.
Қидирувга берилган асосий шахслар:
-
Мужтабо Хоманаий — Эрон олий раҳбари;
-
Али Асғар Ҳижозий — Олий раҳбар маъмурияти раҳбари;
-
Али Лорижоний — Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби;
-
Яҳё Раҳим Сафавий — Олий раҳбарнинг ҳарбий маслаҳатчиси;
-
Исмоил Хатиб — Разведка вазири;
-
Искандар Мўъминий — Ички ишлар вазири.
Рўйхатдаги қолган тўрт нафар шахснинг исм-шарифи кўрсатилмаган бўлса-да, уларнинг лавозимлари (жумладан, ИИҚК қўмондони) қайд этилган. АҚШ томони ишончли маълумот тақдим этган шахсларга нафақат пул мукофоти, балки яшаш жойини хавфсиз ҳудудга кўчириш (релокация) имкониятини ҳам таклиф қилмоқда.
Мазкур қарор Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинлик кучайган, хусусан, Эроннинг аввалги раҳбари вафот этганидан кейинги сиёсий ўзгаришлар фонида қабул қилинган.
Маълумот учун, Эрон Экспертлар кенгаши кўпчилик овоз билан Оятуллоҳ Саййид Мужтабо Хоманаийни Ислом Республикасининг янги Олий раҳбари сифатида тасдиқлаганди. Бу ҳақда мамлакат Олий раҳбари вафоти ва мураккаб ҳарбий вазият фонида ўтказилган кенгашнинг фавқулодда йиғилишидан сўнг расман эълон қилинган эди.
Хусусан, Оятуллоҳ Али Хоманаий март ойининг илк кунида Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас