Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Истанбул шаҳрида машҳур шахсларга нисбатан олиб борилаётган наркотик моддалар тергови доирасида янги амалиёт ўтказилди. Истанбул Анадолу Бош прокуратураси томонидан берилган кўрсатмага асосан, орасида таниқли актёр ва хонандалар бўлган 14 кишини қўлга олиш бўйича қарор чиқарилган.
Қарорга кўра, наркотик моддаларни сотиб олиш, сақлаш ёки истеъмол қилишда гумонланиб, Бурак Дениз, Мерт Демир, Эмир Жан Игрок, Ҳафсанур Санжактутан ва Норм Эндер каби 14 нафар машҳур шахс ҳақида ҳибсга олишга кўрсатма берилган.
2026 йил 9 апрель куни ўтказилган бир вақтдаги амалиётлар натижасида 11 киши қўлга олинган. Икки киши қидирувда, бир киши эса хорижда экани аниқланган.
Хабарларда айтилишича, актёр Бурак Дениз қўлга олинаётган вақтда ўтказилган тинтувда унинг ёнидан 1 грамм марихуана топилган. Қўлга олинганлар тиббий экспертизадан ўтказиш учун Адлия тиббиёт муассасасига олиб борилган.
Айбланувчилар орасида бўлган Сомер Сивриўғлу айни пайтда Австралияда эканини ва зудлик билан Туркияга қайтишини маълум қилган. Актриса Синем Унсал эса суратга олиш ишлари сабабли Мардинда эканини ва терговда иштирок этиш учун Истанбулга етиб келишини билдирган.
Мазкур тергов 2025 йилнинг декабрь ойидан буён давом этмоқда. Ўтган давр мобайнида Алейна Тилки, Ирем Сак, Октай Кайнарча ва Эмел Муфтуўғлу каби ўнлаб юлдузлар сўроқ қилинган. Улардан айримлари суд назорати остида қўйиб юборилган бўлса, баъзи ОАВ ходимлари ва тадбиркорлар ҳибсга олинган.
Ҳозирда Истанбул вилояти Жандармериясининг Наркотик моддаларга қарши кураш бўлими тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда. Прокуратура тизимни "жазоловчи эмас, балки аҳолига хизмат қилувчи ва қонун устуворлигини таъминловчи" тамойил асосида ишлаётганини таъкидламоқда.
Хусусан, бундан олдин ҳам таниқли актриса Ханде Эрчел бир қатор машҳур шахсларга нисбатан юритилаётган бу иш доирасида Истанбулда кўрсатма берган эди. Унга ҳам хорижда бўлгани сабабли қидирув эълон қилинган эди ва шу сабаб актриса Туркияга қайтиши билан қўлга олинганди.
Олдинроқ эса худди шу иш доирасида "Қизил шарбат" сериали юлдузи, машҳур актёр Доғукан Гўнгўр ва ижтимоий тармоқ фаоли Бурак Олтиндағ билан биргаликда жами 23 кишини ҳибсга олинганди. Юқоридаги жиноятлардан ташқари улар фоҳишабозликка воситачилик қилишда ҳам айбланмоқда.
Кеча ҳам Истанбулда кенг кўламли операция ўтказилганди. Бейкоз республика бош прокуратураси томонидан юритилаётган тергов доирасида Симге Сағин, Иброҳим Челиккол, Мелек Моссо, Мустафо Жежели каби жами 9 нафар танилган санъаткор қўлга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас