Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Венгриянинг Magnus Aircraft Zrt. компанияси республика ҳудудида Magnus Fusion 212 русумли енгил самолётларни йиғиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев ва компания ижроия директори Ласло Борос ўртасидаги учрашувда ушбу лойиҳанинг истиқболлари ҳамда авиация соҳасида технологиялар трансферини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий авиация саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Magnus Aircraft Zrt. халқаро компания бўлиб, композит материаллардан фойдаланган ҳолда инновацион ва енгил самолётларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Венгриянинг Погани шаҳрида бош қароргоҳига эга бўлган ушбу корхона ҳозирда АҚШ, Хитой, Сербия ва бир қатор Африка давлатларида ўз фаолиятини кенгайтирган.
Томонлар лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатларини батафсил кўриб чиқиб, кейинги босқичдаги музокараларни давом эттиришга келишиб олганлар. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг минтақавий авиация маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга ва кичик авиация хизматларини оммалаштиришга хизмат қилиши режалаштирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас