Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 2025 йилда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ва саноат объектларининг экологияга салбий таъсирини камайтириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг саккиз ойи давомида пойтахтда қатор ижобий натижаларга эришилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 59-П-сонли қарорига мувофиқ, шаҳарда 12 та ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, уларнинг таркибига турли вазирлик ва идораларнинг 150 дан ортиқ мутахассислари киритилган. Уларнинг асосий вазифаси саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва иссиқхона хўжаликлари чиқиндиларини назорат қилишдан иборат.
2025 йилнинг январь–август ойларида ишчи гуруҳлар томонидан 1452 та объект текширилиб, 174 та тунги рейд ўтказилган ва 281 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Натижада 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича даъво аризалари киритилган ҳамда 179 та қонунбузилиш ҳолати бартараф этилган. Шунингдек, шаҳарда 11 та замонавий қозон, 19 та фильтр ва 12 та чанг тозалаш ускунаси ўрнатилган.
Президентнинг 2023 йил 31 майдаги 81-сон қарори ижроси доирасида йирик саноат корхоналари ҳудудида "яшил белбоғлар" ташкил этилмоқда. 2025 йилда I–II тоифага кирувчи корхоналар томонидан 200 минг туп дарахт ва буталар экилиши белгиланган. Баҳор мавсумида 79 минг 490 туп кўчат аллақачон экилди.
Ҳар йили ўтказиладиган "Тоза ҳаво" акциясининг биринчи босқичи (10 апрель – 10 май) доирасида Тошкент шаҳрида 40 мингдан ортиқ автомобил текширилди. Улардан 586 тасида рухсат этилган меъёрдан ортиқ чиқиндилар аниқланиб, камчиликлар бартараф этилди. Бу орқали 4,7 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ҳавога чиқишининг олди олинди. Ҳозирда акциянинг иккинчи босқичи бошланди ва у 10 сентябрдан 10 октябргача давом этади.
Шунингдек, 2024–2025 йиллар қиш мавсумида Тошкент шаҳри атрофидаги 630 та иссиқхона текширилди. 40 та ҳолатда шиналар ёқилгани ва дудбуронлар ишламаётгани аниқланди. Улар бўйича маъмурий чоралар кўрилди ва 32 та иссиқхона фаолиятини тўхтатиш учун даъво аризалари киритилди.
Экология вазирлигининг қўшимча маълумотича, жорий йилда 195 та корхонада 824 та чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилди ёки модернизация қилинди. Қоидабузарликлар учун 91 та корхона жазоланди, 57 тасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Пайшанба куни Ўзбекистон Президенти ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда экологик зарарли ишлаб чиқариш корхоналарини Тошкентдан ташқарига кўчириш бўйича қарор қабул қилинди.
Муҳокамада пойтахт ҳокими ва туман раҳбарлари иштирок этди. Тошкент вилоятидаги бўш ер майдонлари ишлаб чиқаришларни кўчириш учун "Тошкент инвест" компанияси ва пойтахт саноат зоналари дирекцияси ихтиёрига берилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг айтишича, биринчи навбатда 50 дан ортиқ чарм ва бир қатор тўқимачилик корхоналари кўчирилади. Оҳангарон туманидаги чармчилик кластери учун коммуникациялар қурилишига маблағ ажратилиб, унинг майдони 15 гектардан 35 гектаргача кенгайтирилади.
" Биз бу ерга Тошкентдан 50 дан ортиқ чармни қайта ишлаш корхоналарини олиб келамиз", — деди Мирзаев "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, давлат зарур инфратузилма билан таъминлайди, тадбиркорлар эса бинолар ва ишлаб чиқариш қувватларини қуриш билан шуғулланади.
"Тошкентдаги ўнлаб тўқимачилик корхоналари оқава сувларни чиқариб, атроф-муҳитни ифлослантирмоқда. Бундай 35 та корхонани махсус барпо этилган саноат комплексига кўчиришга қарор қилинган. Заводлар ишлайди, лекин шаҳарга зарар етказмайди", — деди ҳоким.
Изоҳлар мавжуд емас