Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилфуза Тошматова маҳалла фаолларидан одамларни далага олиб чиқиб, бир кунда пахта теришни талаб қилган. Бош тортганларни "виждонсизлар" деб ҳақорат қилган.
"Норма - беш кишидан. Эртага 150 киши далани тўлиқ йиғиштириб олиши керак. Фермер биздан қочиб, бошқа таклиф қилмаслиги керак, бунинг учун бизга кўпроқ одам керак," - дея Тошматованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, кетмоқчи бўлганлар "ортиқча гап-сўзсиз" ариза ёзиб, ишдан кетишлари мумкин. Акс ҳолда қўйилган вазифани бажариш керак бўлади.
Ҳолат Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан назоратга олинган.
Комиссия ҳолат тезкорлик билан ўрганилиб, айбдорларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди. Шунингдек, бундай ҳаракатлар кескин қораланиши - ходимларни штатдан ташқари ишларга мажбурий жалб қилишга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимлигининг қўшимча қилишича, пахта йиғим-терими мавсуми олдидан туманларда фақат кўнгиллилар ҳисобга олинади ва хоҳловчилар рўйхати тузилади. Ҳокимликдаги бирорта масъул шахсга бирор кишини мажбурий равишда далага жалб қилиш бўйича кўрсатма берилмаган.
Эслатиб ўтамизки, Сирдарёда ўқитувчилар учун "ихтиёрий" ҳашар ўтказгани учун туман ҳокимига ҳайфсан берилганди.
Изоҳлар мавжуд емас