Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Куни кеча ижтимоий тармоқларда россиялик эркак ўзбек миллатига мансуб такси ҳайдовчисини "русларнинг қули" деб ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Можаро такси машинаси тор йўлдан чиқинди ташиш машинаси ўтишини кутиб, турар-жой ҳовлисига киришни тўсиб қўйгани сабабли бошланган.
Ўзбекистон ТИВ хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб, давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги мажбуриятлари асосида амалга оширилишини таъкидлади.
Вазирлик ўзбекистонликлар қаерда бўлишидан қатъи назар, ўз мамлакати ҳимоясида эканлигини эслатди.
"Агар чет элда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати бузилса, улар зудлик билан қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишлари керак. Бундан ташқари, фуқаролар ҳуқуқий ва консуллик ёрдами учун Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари мумкин," - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлардаги шов-шувдан сўнг Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш акцияси бошланди - ижтимоий тармоқлар #bizqulemasmiz хештеги остидаги постлар билан тўлди.
Биринчи бўлиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев юртдошларимизни ҳимоя қилишга бел боғлади. Айнан у Инстаграмда флешмобни ишга туширди, шундан сўнг ғоя бутун мамлакат бўйлаб фойдаланувчилар томонидан тезда қабул қилинди.
Хештег қўйилган постлар кўпая бошлади, эстафетани ўзбек режиссёри Равшан Норбоев ҳам илиб кетди.
Изоҳлар мавжуд емас