Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан Шри-Ланкада виза тартибини бузгани учун вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Маълум бўлишича, ҳамюртимиз ушбу мамлакатга туристик виза билан бориб, ноқонуний равишда маҳаллий кафелардан бирида меҳнат фаолияти билан шуғулланган.
Дипломатик ваколатхона вакиллари Шри-Ланка Миграция бошқармаси билан олиб борган музокаралар натижасида, фуқаронинг ҳуқуқбузарлиги юзасидан келишувга эришилиб, уни мамлакатдан чиқариб юбориш чоралари кўрилган. Амалдаги қонунчиликка кўра, Шри-Ланкада туристик виза асосида ишлаш қатъиян тақиқланган бўлиб, бундай ҳолатлар мажбурий ҳибсга олиш ва депортация қилишга сабаб бўлади.
Ватандошимиз SriLankan Airlines авиакомпаниясининг "Коломбо – Куала-Лумпур – Тошкент" йўналишидаги рейси орқали Ўзбекистонга етиб келган.
Жорий йилнинг 21 январь куни ҳам АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахсларни депортация қилиш мақсадида навбатдаги махсус чартер рейси амалга оширилганди. Ушбу рейс орқали 44 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас