Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида "Оналар уйи" маркази ташкил этилди. Бу ерда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ёрдам олишлари мумкин. Уларга ўз кучларига бўлган ишончни қайта тиклаш ва мустақил ҳаётга қадам қўйишда ёрдам берилади.
Марказнинг асосий аудиторияси: ҳомиладор аёллар (олтинчи ойдан бошлаб), биринчи марта ҳомиладор бўлганлар, тўрт ёшгача боласи бор оналар ҳамда болани ташлаб кетиш арафасида турган аёллар.
Марказда улар психологик қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдамдан ташқари, ҳужжатларни тиклаш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, ўқиш ва малака ошириш, амалиёт ўташ ҳамда ишга жойлашишда ёрдам олишлари мумкин.
Келгусида марказда тикувчилик ва бошқа касблар бўйича ўқув курслари очилиши режалаштирилган. Бу юзлаб оналарга мустақил ҳаётда ўз йўлини топиш, моддий эҳтиёжларини қондириш, маънавий куч ва ишонч орттириш имконини беради.
Айни вақтда бундай марказлар Тошкент, Бухоро, Андижон, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларида тажриба тариқасида ишламоқда. Келгусида "Оналар уйи" лойиҳаси бутун республика бўйлаб жорий этилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Оналар уйи" ижтимоий марказларини ташкил этиш ҳақидаги қарор 2024 йил баҳорида қабул қилинган эди.
Изоҳлар мавжуд емас