Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 18 июнь куни Ўзбекистондаги барча давлат ташкилотларида иш куни одатдагидан икки соат кечроқ, соат 10:00 да бошланади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Унинг айтишича, мазкур қарор Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги илк ўйини муносабати билан қабул қилинган. 18 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Колумбияга қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 07:00 да бошланади.
Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, давлат раҳбари ҳам ушбу муҳим баҳсни уйида, оила аъзолари ва набиралари билан биргаликда томоша қилади. Шунингдек, Президент мамлакат аҳолисига Тошкент халқаро инвестиция форуми кунларида намоён этилган юксак маданият ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 102 давлат делегациялари ва 3 мингга яқин халқаро ташкилотлар вакиллари бўлиб турибди. Форум муносабати билан юзага келган айрим ноқулайликларга қарамасдан, пойтахт аҳолиси ва ҳайдовчилар сабр-тоқат ва тушуниш билан муносабат билдирмоқда.
Матбуот котиби хорижлик меҳмонлар Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаётганини ҳам таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас