Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой Халқ Республикаси вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Томонлар энергетика, транспорт, рақамлаштириш, инфратузилма ва юқори технологиялар соҳасидаги янги ташаббусларни муҳокама қилдилар.
БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашувда Ўзбекистон раҳбарига Амирликлар раҳбарларининг самимий саломи ва энг эзгу тилаклари етказилди.
Стратегик шериклик жадал ривожланаётгани, товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётгани таъкидланди. Форум доирасида БАА компаниялари билан янги шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Музокаралар якунида томонлар "яшил" энергетика, ёқилғи ишлаб чиқариш, транспорт, логистика, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди.
Хитой Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги етакчи компания ва молия институтлари делегацияси билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда "China Energy Engineering Corporation", "China Datang", "Sinoma Energy Conservation", "China Southern Power Grid", "CAMCE", "CNNC", "State Nuclear Uranium Resource Development", шунингдек, энг йирик банклар - "The Export-Import Bank of China" ва "Bank of China" вакиллари иштирок этди.
Учрашувда энергетика ва геология соҳаларида юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш, банк-молия соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Президент Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги юқори суръат билан ривожланиб бораётганини, йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард доллардан ошганини, 8 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилганини, мамлакатимизда қарийб 6 мингта қўшма корхона фаолият юритаётганини таъкидлади.
Томонлар "яшил" энергетика соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Хитой компаниялари иштирокида мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, шунингдек, энергия сақлаш тизимлари қурилмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни ишга тушириш, жумладан, фотоэлектр станциялари қувватларини кенгайтириш, агровольтаикани жорий этиш ва янги электр узатиш линияларини қуриш режалари қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш, янги авлод маълумотлар марказларини яратиш ва замонавий технологик ечимларни ишлаб чиқиш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Конларни биргаликда қидириш ва ўзлаштириш, шунингдек, муҳим хом-ашёни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларнинг алоҳида блоки молиявий ҳамкорликка бағишланди. Томонлар инфратузилма лойиҳалари, ирригация тизимларини модернизация қилиш, тезюрар автомобиль йўллари ва гидроэлектр станцияларини қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштиришни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашувлар якунида Хитой ва БАА компаниялари ва молия институтлари вакиллари Ўзбекистон Президентига очиқ ва фаол мулоқот учун миннатдорлик билдириб, ҳамкорликни янада ривожлантириш ва эришилган келишувларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиқиб, хорижий инвесторларни мамлакат ҳудудларини ривожлантиришга фаолроқ сармоя киритишга чақирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас