Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Келгуси ўқув йилидан бошлаб юқори синфларда сунъий интеллект дарслари ўтилади. Бу биринчи синф ўқувчилари учун информатика фани киритилгандан сўнг мантиқий қадам бўлади.
Сунъий интеллект дарсларини ташкил этиш учун 2 мингта компьютер синфлари очилади ва улар 6 мингдан ортиқ интерактив доскалар билан жиҳозланади. Бу қадам келгуси йилда давлат бюджетидан молиялаштирилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда ахборот технологиялари (Ал-Хоразмий номидаги мактаб), муҳандислик (Мирзо Улуғбек номидаги мактаб) ва табиий фанлар (Ибн Сино номидаги мактаб) йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган мактабларнинг филиаллари ташкил этилади.
Махсус мактабларда иқтидорли ўқувчилар таълим олади. Уларнинг фаолияти ҳудудлардаги техник олийгоҳлар билан интеграция қилинади. Яхши натижаларга эришган битирувчилар бирйўла олий таълим муассасаларининг 2-босқичига қабул қилинади.
Шунингдек, 2026 йилда Тошкент шаҳрида кимё ва информатика фанлари бўйича иккита нуфузли халқаро олимпиада ўтказилади. Тадбирлар Марказий Осиё учун биринчиси бўлади. Уларнинг ўтказилиши бўйича барча ташкилий масалаларни назорат қилиш Бош вазирга топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 12 йиллик умумий таълим жорий этилмоқда. Бу маълумотни Batafsil.uz мухбирига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.
Изоҳлар мавжуд емас