Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти Денов туманида қувватлаш станциясида турган электромобилда ёнғин чиқди. ФВБ ходимларининг тезкор ҳаракати туфайли олов бир неча дақиқа ичида ўчирилди, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса кеча, 26 май куни содир бўлган. Соат 16:22да «112» тизимига «Боғишамол» маҳалласидаги қувватлаш станциясида турган Leapmotor C11 электромобили ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига етиб борган ФВБнинг иккита экипажи соат 16:25да алангани қуршаб олди, 16:30да эса ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ўт ўчирувчиларнинг қисқа вақт ичида кўрган чоралари туфайли ёнғин кенг тарқалиб кетишининг олди олинди.
Ҳозирги вақтда мутахассислар томонидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас