Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида вояга етмаган икки нафар қизга нисбатан жиноят содир этилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ишда ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходими гумон қилинмоқда.
Ҳодиса 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси содир бўлгани айтилмоқда. 14 ёшли икки қиз уйлари яқинида бўлган вақтда Spark русумли автомобилда келган, хизмат кийимидаги шахс уларга машинага ўтиришни буюрган. Қизлар уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими деб ўйлаб, ишонч билан унинг талабига бўйсунган.
Маълум қилинишича, гумонланувчи уларни шаҳар ташқарисига олиб чиққан ва шу ерда ноқонуний ҳаракатлар содир этгани айтилмоқда. Воқеа давомида қизлардан бири ўз яқинларига геолокация юборишга муваффақ бўлган. Яқинлари кўрсатилган манзилга етиб келганида, гумонланувчи қочишга уриниб, қаршилик кўрсатган ва жабрланувчиларнинг яқинларидан бирига тан жароҳати етказгани хабар қилинмоқда.
Жабрланувчилар томони иш юзасидан дастлаб етарли чора кўрилмагани ҳақида даъволар билдириб, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликдан ёрдам сўраган. Бу ҳолат эса кенг муҳокамалар ва танқидий фикрларни келтириб чиқарган.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ушбу шахс ҳақиқатан ҳам патруль-пост хизмати ходими эканини тасдиқлаган. У лавозимидан четлаштирилган ва ҳозирда ички хавфсизлик бўлинмалари ҳамда прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вазирлик томонидан болаларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга мутлақо тоқат қилинмаслиги ва айбдорлар қонун олдида жавоб бериши таъкидланган.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ушбу ҳолатни кескин қоралаб, ҳуқуқ-тартибот тизимида назорат ва жавобгарликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидламоқдалар.

Изоҳлар мавжуд емас