Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахсларнинг йўл ёқасида ўзаро тортишиб, мушталашишга урингани акс этган видеолавҳа тарқалди. Жабрланувчининг онаси айтишича, жанжал вақтида автомашинада бўлган ҳомиладор қизи ва унинг 5 ёшли фарзанди кучли руҳий стресс сабабли шифохонага ётқизилган.
Видеолавҳада катта йўл четида тўхтаган "Gentra" (давлат рақами 25 O 300 NA) ҳамда бошқа автомашиналар атрофида бир неча эркаклар ўзаро бақир-чақир қилиб, бир-бирини уришга ва сўкишга урингани кўринади. Воқеа гувоҳлари ва жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, жанжал оғзаки тортишув билан чекланмай, куч ишлатиш ва дўқ-пўписалар билан давом этган.
Видеога илова қилинган ёзишмаларда айтилишича, жанжал оқибатида оила аъзоларига моддий ва маънавий зарар етган. Автомашинада бўлган ҳомиладор аёл ва 5 ёшли бола руҳий ҳолати ёмонлашгани сабабли шифохонада даволанган.
Шунингдек, жабрланувчи томон тергов жараёнидан норозилигини билдирган. Уларнинг айтишича, ИИБнинг уч нафар терговчиси ишни чўзиб, шу билан бирга жабрланувчиларни Бухородан Жиззахга қайта-қайта чақириб, овора қилмоқда.

Жабрланган томон ва воқеа гувоҳлари жанжални келтириб чиқарган шахслар аниқланиб, қонун олдида жавоб беришини ҳамда тергов жараёни адолатли олиб борилишини сўрамоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларининг расмий муносабати ёки қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас