Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Истанбул шаҳри Шиле туманида денгизда бедарак йўқолган 54 ёшли Абдураҳмон Муҳаммад ўғлининг жасади икки кунлик қидирув ишларидан сўнг топилди.
Хабарларга кўра, ҳодиса 16 август куни соат 15:15 атрофида Шиледаги Мажера Парк соҳилида юз берган. Денгизга чўмилиш учун тушган беш киши кучли оқим сабабли чўкиш хавфи остида қолган.
Воқеа жойига етиб келган соҳил қўриқлаш хизмати, ўт ўчирувчилар ва тиббиёт ходимлари тўрт кишини қутқарган. Бироқ Абдураҳмон Муҳаммад ўғли оқим таъсирида очиқ денгиз томон сурилиб, бедарак йўқолган.
Шиленинг Каракираз ҳудуди ва унинг атрофида олиб борилган кенг кўламли қидирувлар натижасида 18 август куни унинг жасади соҳил қўриқлаш хизмати томонидан топилган. Марҳумнинг жасади суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш учун моргга олиб кетилган.
Туркия ОАВ ушбу шахсни Абдураҳмон Муҳаммад ўғли деб қайд этган. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда унинг асли қўқонлик, Туркияда яшаган тадбиркор ва жамоат фаоли Мунаввар Ҳожи экани айтилмоқда. Бироқ бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Бундан олдин Туркиянинг Муғла вилояти Сейдикемер туманида чўмилиш учун дарёга тушиб, кўп ўтмай ғойиб бўлган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси Шоядбек Хлимжоновнинг ҳам жасади топилганди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ҳодиса туманнинг Чобанлар маҳалласида содир бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас