Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Нурафшон шаҳар Ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджоновнинг маҳалла ёшлар етакчилари билан йиғилишда ходимларга нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз муносабатда бўлгани акс этган аудиоязув тарқалди. Унда раҳбар ходимларни ишга кеч қолгани ва хизмат вазифаларини бажаришдаги камчиликлари учун койигани, айримларига нисбатан ҳақоратли иборалар ишлатгани ҳамда ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни талаб қилгани эшитилади.
Ҳолат юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилди. Ўрганишда аудиода акс этган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.
Аниқланишича, 18 август куни Миркарим Аҳмаджонов маҳалла ёшлар етакчилари иштирокидаги йиғилишда хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузган. У ходимларнинг ишга кеч келишидан норози бўлиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни талаб қилган. Шунингдек, ходимлардан бири билан баҳслашган.
Хизмат текшируви давомида раҳбарнинг иш фаолиятида бошқа қатор камчиликлар ҳам аниқланган. У билан суҳбат ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг салбий оқибатлари тушунтирилган.
Аҳмаджонов ўзининг қўпол хатти-ҳаракатларини тан олган ва меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик билдирган. Натижада у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шу билан бирга, унинг иш фаолиятида аниқланган бошқа камчиликлар юзасидан текширув давом эттирилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.
Ёшлар ишлари агентлиги тизимидаги раҳбар ва ходимларга хизмат вазифаларини виждонан бажариш, жамоада соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда хизмат одоби ва касбий этика талабларига қатъий риоя қилиш топширилди.
Бундан олдин Музработ тумани ҳокими фермерларни ҳақорат қилгани учун жазоланганди.

Изоҳлар мавжуд емас