Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент вилоятида бир гуруҳ шахслар Instagram ва Telegram тармоқларида сохта кийим-кечак дўкони очиб, фуқароларни алдаган. Улар жами 100 миллион сўмдан ортиқ пулни қўлга киритишган.
Ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, харидорлардан пулни олдиндан банк карталарига ўтказиш талаб қилинган. Аммо маблағлар фақат фирибгарларнинг шахсий эҳтиёжларига сарфланган.
Маълумотга кўра, 11 июнь куни Тошкент туманидаги бир фуқаро 1 миллион сўм тўлаб қўйган. Шундан кейин сохта дўкон эгалари ёзишмаларни ўчириб, алоқага чиқмай қўйган.
"Фақатгина бир ойда улар 279 та банк картаси орқали 101 миллион сўмдан ортиқ пул тўплашган", – дейилади расмий хабарда.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан иш очилган. Тўрт нафар шахсга нисбатан тергов олиб борилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларни огоҳлантириб, онлайн харидларда олдиндан пул тўламасликка ва арзон таклифларга ишонмасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда арзон нархлардаги "совғалар" ва "ютуқлар" орқали фирибгарлик ҳолатлари кўпайган. Масалан, 27 минг сўмга музлатгич ёки 30 минг сўмга ичимликка тўла мини-музлатгич таклиф қилинмоқда. Рақобат қўмитаси бу каби эълонларни текшириб, уларнинг сохта эканини маълум қилди.
Изоҳлар мавжуд емас