Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятининг Кармана туманида уч нафар вояга етмаган ўсмир Зарафшон дарёсида чўкиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, Кармана тумани "Катта масжид" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё қисмига 3 нафар фуқаро чўмилиш мақсадида борган ва эҳтиётсизлик оқибатида чўкиб кетган. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбирига ФВВ матбуот котиби хабар берди.
Мазкур бахтсиз ҳодисадан сўнг Бухоро ва Навоий вилоятлари ФВБ қутқарувчилари, махсус техникалар ҳамда моторли резина қайиқлар жалб этилган ҳолда кенг қамровли қидирув-қутқарув ишлари ташкил этилган. Икки кун давом этган қидирув тадбирлари натижасида, 10 июль куни уч нафар ўсмирнинг жасади ҳодиса содир бўлган жойдан турли масофаларда қутқарувчилар томонидан топилган.
Олинган маълумотларга кўра, сувда вафот этганлар 18, 14 ҳамда 16 ёшли йигитлар эканлиги аниқланган. Шунингдек, ҳалок бўлган ўсмирларнинг икки нафари бир-бирига ака-ука бўлганлиги маълум қилинган. Айни пайтда масъул идоралар томонидан ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг дастлабки олти ойи якунларига кўра, сувда чўкиш билан боғлиқ умумий ҳолатлар ўтган йилги 91 тадан 82 тага, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар эса 109 тадан 94 тага камайган.

Изоҳлар мавжуд емас