Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистоннинг Тахар провинцияси аҳолиси маҳаллий конларда назоратсиз олтин қазиб олишга қарши чиқиб, ҳокимият вакиллари билан можарога киришди. Ҳодиса оқибатида икки томондан ҳам ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор.
Afghanistan International телеканали хабарига кўра, Чаҳоб уездида маҳаллий аҳоли ва конни ўзлаштириш билан шуғулланган "Толибон" ҳаракатига алоқадор компаниялар ўртасида тўқнашув юз берган. Телеканал манбаларининг хабар беришича, камида уч нафар маҳаллий аҳоли ва бир нафар "Толибон" аъзоси ҳалок бўлган, яраланганлар сони 16 кишига етган.
Фаол қазиш ишлари туфайли жиддий экологик зарар ва сув таъминотидаги узилишлардан норози бўлган намойишчилар қазиб олиш компанияларининг ускуналарини ёқиб юборди.
Толибон конлар ва нефть вазирлиги расмий вакили Ҳумоюн Афғон тўқнашув фактини тасдиқлаб, у моддий зарар ва инсонлар қурбонларига олиб келганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳодисани ўрганиш учун маҳаллий ҳокимият бошчилигидаги комиссия воқеа жойига юборилган. Шу билан бирга, у жабрланганларнинг аниқ сонини ошкор қилмади ва текширув тугагандан сўнг тафсилотларни тақдим этишга ваъда берди.
Маҳаллий манбаларга кўра, жойлардаги вазият кескинлигича қолмоқда ва тезда авж олмоқда.
Аввалроқ Тожикистон-Афғонистон чегарасида қуролли ҳужумга уринишнинг олди олинган эди. Террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзоси Тожикистон ҳудудига ноқонуний равишда кириб келган ва жанговар амалиёт давомида йўқ қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас