Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йил 1 июлдан бошлаб АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўз фаолиятини расман тўхтатди. Барча хорижий ёрдам дастурлари энди АҚШ Давлат департаменти назоратига ўтказилади.
Қарор президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан қабул қилинган.
Давлат котиби Марко Рубионинг сўзларига кўра, ислоҳотлар USAID фаолиятининг паст самарадорлиги билан боғлиқ. 60 йилдан ортиқ фаолият юритган агентлик юзлаб миллиард доллар харажат қилган бўлса-да, барқарор натижага эриша олмади. Қайд этилишича, ёрдамнинг катта қисми аҳолининг реал эҳтиёжларига эмас, балки халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини молиялаштиришга йўналтирилган.
Давлат департаментида айтилишича, ёрдамни тақсимлашнинг янги модели "АҚШ миллий манфаатларини қатъий ҳисобга олиш"га асосланади. Таъкидланишича, баъзи ҳолларда USAID томонидан ажратилган маблағлар террорчилик гуруҳларига алоқадор тузилмаларга тегишли бўлиши мумкин.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, ёрдам олувчилар, жумладан, Африканинг бир қатор давлатлари, ҳатто катта сармоя киритган тақдирда ҳам, аксарият ҳолларда АҚШнинг халқаро майдондаги позициясини қўллаб-қувватламайди. Масалан, БМТ овоз беришида улар фақат 29 фоиз ҳолатда Америка позициясига мос келади.
USAID 1961 йилда президент Жон Кеннеди маъмурияти даврида ташкил этилган. Агентлик ҳар йили қашшоқликка қарши курашиш, касалликларни даволаш, очарчилик ва табиий офатларга қарши курашиш учун бутун дунё бўйлаб миллиардлаб доллар маблағ ажратган. Бундан ташқари, USAID нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий ташаббусларни молиялаштириш орқали демократияни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватлаган.
Март ойи бошида Вашингтон USAID дастурларининг 83 фоизини "миллий манфаатларга мос келмайдиган ортиқча харажатлар туфайли" расман ёпишини эълон қилди. Рубионинг сўзларига кўра, бекор қилинган 5,2 мингта шартнома доирасида ўнлаб миллиард доллар сарфланган. Унинг аниқлик киритишича, бу ташаббусларнинг баъзилари Вашингтонга зарар келтирган.

Изоҳлар мавжуд емас