Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Грузиядаги энг йирик чуқур денгиз порти ҳисобланган Анаклия портини барпо этиш лойиҳасида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу масала Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг 3-4 июль кунлари Грузиянинг транспорт-логистика объектларига қилган хизмат сафари давомида муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа келгусида "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" стратегик темир йўл йўналиши учун ҳам муҳим транзит бўғинига айланиши кутилмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф давомида ўзбек делегацияси Анаклиядан ташқари Поти ва Батуми портлари, шунингдек, Поти эркин саноат зонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишган. Музокараларнинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг экспорт-импорт амалиётлари учун Қора денгиз йўналиши имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Лойиҳа тафсилотларига кўра, Анаклия порти қуриб битказилгач, у барча турдаги йирик кемаларни қабул қилиш қувватига эга бўлади ва халқаро транспорт йўлакларининг энг муҳим нуқтасига айланади. Шу билан бирга, Поти портида Ўзбекистон юкларини сақлаш учун хусусий омбор ва терминал инфратузилмасини ташкил этиш, Батуми порти орқали эса юк ташувлари ҳажмини ошириш истиқболлари келишиб олинган.
Икки томонлама учрашувлар якунида ўзаро ҳамкорликнинг устувор режалари белгилаб олинган. Унга кўра, яқин истиқболда Ўзбекистон компаниялари иштирокида махсус консорциум тузиш ва тегишли шериклик битимларини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас