Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланган янги экологик режаларга кўра, мамлакатда чўлланишга қарши курашиш ва шаҳарсозликни тубдан ислоҳ қилишнинг 2030 йилгача бўлган стратегик мақсадлари белгилаб олинди. Ушбу дастур доирасида Самарқанд шаҳри Марказий Осиёнинг илк иқлимга мослашган "яшил шаҳри"га айлантирилади, республика миқёсида эса чўл ҳудудларини иқтисодий даромад манбаига айлантириш тизими жорий этилади.
Энг катта ўзгаришлар Самарқанд шаҳрида кузатилади. Бу ерда Green Samarkand модели доирасида 2030 йилгача жамоат транспорти ва таксилар тўлиқ электр қувватига ўтказилади, шаҳар марказига шахсий машиналар кириши чекланиб, Park & Ride тизими йўлга қўйилади. Шаҳар ҳавосини тозалаш учун қурилиш чанглари 80 фоизга, транспорт чиқиндилари эса 50 фоизга қисқартирилади. Аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи 8 та йирик саноат корхонаси шаҳардан ташқарига кўчирилади.
Шаҳар атрофида 102,7 километрлик "яшил белбоғ", ичида эса 300 гектарлик Green City Samarkand замонавий мавзеси барпо этилади. Янги қурилишлар учун "яшил стандарт" талаблари мажбурий бўлади. Сув балансини ушлаб туриш учун шаҳар ва туманларда камида 11 та сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади, 319 километрлик ариқлар тизими тикланади.
Режанинг иккинчи муҳим қисми мамлакат ҳудудининг 80 фоизини ташкил этувчи чўлларни қамраб олади. 2026–2030 йилларда 1,27 миллион гектар майдонда янги ўрмонлар барпо этилади. Сурхондарёда 10 минг гектарлик яшил қоплама, Сирдарёда эса 84 километрлик "яшил девор" қурилади. Эндиликда чўлларга фақат муаммо эмас, "чўл иқтисодиёти" сифатида қараб, Қорақалпоғистонда кўчатхоналар очилади, Боботоғда писта плантациялари ва шўрга чидамли ўсимликлар етиштирилиб, чорвачилик ва экотуризм ривожлантирилади.
Ушбу глобал ташаббуслар халқаро даражада ҳам мустаҳкамланади. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда 2040 йилгача мўлжалланган чўлланишга қарши умумий стратегия ва "Яшил қалқон" минтақавий дастури ишлаб чиқилади. Лойиҳаларни шаффоф молиялаштириш учун махсус рақамли платформалар ишга туширилади.

Изоҳлар мавжуд емас