Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика қўмитаси 2026 йилнинг июнь ойи учун Истеъмол нархлари индекси бўйича расмий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, ёзнинг илк ойида мамлакатда нархларнинг умумий ўсиши ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизни ташкил этан. Йиллик инфляция даражаси эса 6,4 фоизгача пасайган (таққослаш учун, 2025 йилнинг июнида бу кўрсаткич 8,7 фоиз бўлган). Бироқ, агар бозорда тез-тез ўзгариб турадиган мева-сабзавотлар ҳисобдан чиқарилса, ойлик инфляция кўрсаткичи нақ 1,5 фоизга етган бўлар эди. Бу эса иқтисодиётнинг асосий тармоқларида жиддий қимматлашиш юз берганидан далолат беради.
Бу галги инфляциянинг асосий "драйвери" аҳоли учун кучга кирган янги табақалаштирилган тарифлар бўлган. Июнь ойидан бошлаб республика бўйича электр энергияси ўртача 9,6 фоизга, табиий газ эса 10,7 фоизга қимматлашган. Бунда электр энергиясини энг кам (200 кВт·соатгача) ишлатадиганлар учун тариф 8,3 фоизга, ортиқча истеъмол қилувчилар учун эса 12,5 фоизгача оширилган.
Газ бўйича ҳам шундай тизим қўлланилиб, энг паст тоифадагилар учун 10 фоизлик ўсиш кузатилган. Энг катта сакраш эса кўмир нархида содир бўлган: июнь ойидан бошлаб у ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатидан чиқарилиб, нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингач, кўмир бирданига 2,1 баробарга қимматлашиб кетган. Жиззах вилоятида эса чиқинди ташиш хизмати ҳақи ҳам ошган.
Ёқилғи бозори ҳам истеъмолчилар чўнтагига сезиларли таъсир кўрсатган. Июнь ойида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи ўртача 3,9 фоизга кўтарилган. Хусусан, оммабоп АИ-92 маркаси 3,6 фоизга, АИ-95 эса 6 фоизга қимматлашди. Суюлтирилган газ (пропан) нархи 11,3 фоизга ортиб, литри учун юқори чегара 7 800 сўм этиб белгиланди ва у йиллик ҳисобда нақ 41,1 фоизга қимматлашган товар сифатида қайд этилган.
Сиқилган газ (метан) нархида эса 8,8 фоизлик ўсиш кузатилган. Транспорт хизматлари соҳасида такси йўл ҳақи 1,3 фоизга ошган бўлса, миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курси ўзгариши оқибатида темир йўл ва авиачипталар бир оз (0,3-0,6 фоиз) арзонлашган.
Озиқ-овқат бозорида эса вазиятни икки хил баҳолаш мумкин. Бир томондан, янги ҳосилнинг кўплаб кириб келиши, яъни мавсумий омил туфайли сабзавот ва полиз маҳсулотлари кескин арзонлашган. Масалан, бақлажон 46,6 фоизга, янги помидор 38,3 фоизга, болгар қалампири 31,4 фоизга, тарвуз 26,3 фоизга ва бодринг 25 фоизга арзонлашган.
Иккинчи томондан эса, кундалик эҳтиёж моллари ҳисобланган гуруч (2,3 фоиз), сут ва шакар (1,2-1,0 фоиз), шунингдек, қўй ва мол гўшти (1,0 фоиз) нархида ўсиш давом этган. Хулоса қилиб айтганда, айнан ёзги мавсумий озиқ-овқатларнинг арзонлашиши коммунал ва ёқилғи соҳасидаги кескин қимматлашиш фонида умумий инфляциянинг юқорилаб кетмаслигини таъминлаб турган асосий тўсиқ бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас