Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Асака туманида узоқ давом этган оилавий келишмовчиликлар аянчли фожиа билан якунланганди. Халқ таълими муассасаси ичида ўз турмуш ўртоғини ваҳшийларча пичоқлаб ўлдирган фуқаро суд ҳукми билан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Суд ҳужжатларига кўра, эр-хотин ўртасидаги доимий жанжаллар сабабли аёл бир неча бор фарзандлари билан ота-онасининг уйига кетиб қолган. Эр муносабатларни тиклаш илинжида ўзлари яшаб турган уйни хотинининг номига расмийлаштириб берган бўлса-да, низолар барҳам топмаган. Кейинчалик аёл уйни сотиб юборишини айтгани эркакнинг жиноятга қўл уришига туртки бўлган омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Мудҳиш воқеа шу йилнинг 27 январь куни соат 15:30 ларда Асака туманидаги мактаблардан бирининг биносида содир бўлган. Судланувчи хотини билан гаплашиб олиш учун мактаб коридорига келган ва улар ўртасидаги баҳс қисқа фурсатда даҳшатли жанжалга айланган. Эркак ўзи билан олиб келган хўжалик пичоғи билан аёлнинг турли жойларига бир неча маротаба оғир тан жароҳати етказган. Олинган жароҳатлар оқибатида жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Судланувчи ўз кўрсатмасида жаҳл устида ўзини йўқотиб қўйганини, хотини уни эшитиш ўрнига ҳақорат қилгани учун пичоқ урганини ва ундан кейинги воқеаларни эслай олмаслигини билдирган.
Қотил жиноятни содир этгандан сўнг уйига қайтиб, ўз жонига қасд қилишга уринганди. Бироқ уни акаси кўриб қолиб, шифохонага етказгани сабабли ҳаёти сақлаб қолинган эди.
Суд мажлиси якунида у Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми (ўта шафқатсизлик билан, таъмагирлик ниятида ва безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) тегишли бандлари билан айбдор деб топилган ва 19 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас