Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон таълим соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи устоз, олий таълим аълочиси Карим Эгамқулов шу йилнинг 14 февраль куни оламдан ўтди.
Карим Эгамқулов ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида республика ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратган эди. У фаолияти давомида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Янгиер филиали директори, Сирдарё давлат педагогика институти проректори каби масъулиятли лавозимларда самарали меҳнат қилган.
Олимнинг илмий мероси алоҳида эътирофга лойиқ бўлиб, у қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига оид 20 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланма ва дарсликлар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, у Сирдарё вилояти "Билим" жамияти масъул котиби сифатида халқ орасида зиё ва маърифат тарқатишга муносиб ҳисса қўшган.
Карим Эгамқулов 1939 йил 5 майда Сирдарё вилоятида туғилган. Узоқ йиллик фаолияти давомида тупроқшунослик кафедраси мудири, малака ошириш факультети декани ва ўқув марказлари директори сифатида соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини оширишда фидойилик кўрсатган.
Ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам у жамоатчилик ишларида фаол бўлиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ижтимоий ислоҳотларни тарғиб қилишда ибрат кўрсатган.
Таҳририятимиз номидан марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва барча мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Изоҳлар мавжуд емас