Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича ўсиш прогнозини яхшилади, бироқ инфляция кутилмалари ва бюджет харажатлари самарадорлиги юзасидан хавотир билдирди.
ХВЖ ҳисоботига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти "таъсирчан барқарорлик" намоён этиб, реал ЯИМ 7,7 фоизга ўсган. Ишсизлик даражаси 4,8 фоизгача пасайган бўлса, инфляция 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизгача тушган. 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнози аввалги 6,2 фоиздан 6,8 фоизгача кўтарилган.
Иқтисодий ўсишга қарамай, инфляция 2026 йилда 6,8 фоиз даражасида сақланиб қолиши ва Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадидан юқори бўлиши кутилмоқда. Бу асосан нефть нархларининг юқорилиги ва глобал геосиёсий ноаниқликлар билан изоҳланади. Ички хавфлар сифатида давлат харажатлари орқали талабни сунъий рағбатлантириш ҳамда имтиёзли кредитлар ва давлат корхоналари билан боғлиқ молиявий таваккалчиликлар қайд этилган.
Жамғарма Ўзбекистон ҳукуматига кенг қамровли субсидиялардан воз кечишни ва давлат секторида иш ҳақи фондини оптималлаштиришни тавсия қилган. Бюджет тақчиллигини жиловлаш учун ижтимоий ёрдамни фақат эҳтиёжманд қатламларга йўналтириш ҳамда 2027 йилдан бошлаб янги бюджет кўрсаткичларини, хусусан, минерал ресурслар тушумисиз ҳисобланган дефицит лимитини жорий этиш таклиф этилган. Мутахассислар бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш иқтисодий барқарорликнинг асосий омили эканини таъкидламоқдалар.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, биргина 2026 йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган бўлса-да, йиллик инфляция кўрсаткичи 107,1 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги (110,3 фоиз) кўрсаткичга нисбатан сезиларли пасайиш ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас