Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакатимизда 7 йил аввал - 2019 йилдан бошлаб 12 фоизли текис - ясси шкала, яъни ҳаммага иш ҳақи миқдоридан қатъи назар бир хил солиқ фоизи (ставкаси) жорий этилиши билан иш ҳақи солиғи - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (кейинги ўринларда - “ЖШДС”) кескин камайди.
2018 йилгача ортиб борувчи, яъни прогрессив - 4 босқичли тартиб (шкала) амал қилган эди:
(1) ноль ставка,
(2) минимал - 7,5%,
(3) ўртача - 16,5%,
(4) максимал - 22,5%.
Бунда иш ҳақи солиғига тенглаштирилган "бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари" деб номланган 8% миқдоридаги тўлов мавжуд бўлиб, у иш ҳақининг бутун суммасидан, шу жумладан иш ҳақининг ноль ставкали солиқ қўлланадиган қисмидан ҳам ундирилган. Шунинг учун шкаланинг ҳар бир фоиз поғонаси амалда 8% га юқори эди ва амалдаги 4 поғонали шкала аслида қуйидагича эди:
|
Бир ойлик солиқ солинадиган даромад миқдори
|
Солиқ ставкаси, % |
|
Энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача (қисқартирилганда - ЭКИҲ, 2018 йил охири ва 2019 йил бошига 202 730 сўмга тенг бўлган |
8 |
|
ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача |
16,5 |
|
ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача |
24,5 |
|
ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ |
30,5 |
Лекин бу мақсадга - иш ҳақига солинадиган солиқни кескин камайтиришга прогрессив шкалани сақлаб қолган ҳолда эришиш мумкин ва зарур эди!
Савол туғилади: қандай қилиб?
Жавоб: иш ҳақининг солиқ солинмайдиган минимумини жорий этиш ва юқори ставкаларга ўтиш чегараларини ошириш орқали.
Бу иқтисодий мантиқ, жаҳон амалиёти ва ижтимоий адолат тамойилларига мос келадиган энг мақбул ечим бўларди!
Масалан, 8 фоизлик мажбурий суғурта бадалларини бекор қилиб, қуйидаги прогрессив шкалани белгилаш мумкин эди:
|
Бир ойлик солиқ солинадиган даромад миқдори
|
Солиқ ставкаси, % |
|
1 млн сўмгача |
0 |
|
1 млн сўмдан 3 млн сўмгача |
7,5 |
|
3 млн сўмдан 6 млн сўмгача |
16,5 |
|
6 млн сўмдан ортиқ |
22,5 |
(Эътибор беринг: юқорида келтирилган 2019 йил бошидаги 1 млн сўмдан 6 млн сўмгача бўлган чегаравий миқдорлар ҳозирги вақтда каттароқ миқдорларга тўғри келади).
7 йил олдин бундай прогрессив шкала ўрнатилганда, ҳамма - кам маош олувчилар ҳам, кўп маош олувчилар ҳам, ютган бўларди.
Ҳамма мамнун бўларди!
Масалан, 10 млн. сўм оладиганлар учун (2019 йилда бу анча катта сумма эди!) солиқ 2 млн. 822 минг сўмдан (28,22%) 1 млн. 545 минг сўмгача (15,45%) - деярли икки бараварга камаярди! Кам маош олувчилар эса янада кўпроқ ютган бўларди: 3 млн сўм олувчилар учун солиқ 687 минг сўмдан (22,9%) 150 минг сўмгача (7,5%) - 4,5 баравардан кўпроқ камайган бўларди!
12 фоизли ягона ясси шкалани жорий этиш, эҳтимол, солиқларни камайтириш бобида бутун қурраи заминдан олдинда бўлиш истаги билан боғлиқ бўлиб, аниқ ҳаддан ошириб юброшиш эди!
Бу “қош қўяман деб, кўз чиқармоқ” дегандай бўлди қолди!
Айтиш керакки, ҳаммадан олдинда бўлишга эришдик! Чунки деярли бутун қурраи замин прогрессив шкала билан яшайди!
Ясси шкала амал қиладиган ва бармоқ билан санаш мумкин бўлган бир нечта мамлакатларда солиқ чегирмалари, солиққа тортилмайдиган минимум мавжуд. Ўзбекистон эса солиқ солинмайдиган минимумсиз текис шкала ўрнатилган дунёдаги деярли ягона мамлакатдир!
Иқтисодий мантиқ ва жаҳон амалиётидан келиб чиқадиган бўлсак, нима учун, айтайлик, 2 млн. сўм маош оладиганлар ўзининг кичик маошининг 12 фоизини тўлаши кераклиги тушунарсиз? Нима учун уларнинг биринчи миллион сўмини солиқдан озод қилиб, иккинчи миллионига ставкани, масалан, 7 фоиз қилиб белгилаш мумкин эмас?
Паст ясси шкалани жорий этишнинг жиддий камчилиги шундаки, кам маош олувчилар оз миқдорда ютган, юқори маош олувчилар эса кам маош олувчиларга қараганда кўпроқ ютган.
1 млн. сўм олувчида даромад солиғи 2 фоизли пунктга камайди, у фақат 19795 сўм ютди; ким икки баравар кўп - 2 млн. сўм олган бўлса, солиқ 7,2 фоизли пунктга камайди, ютуқ суммаси 143567 сўмни ташкил этди; 3 млн. сўм олувчида солиқ 10,9 фоизли пунктга камайди, у 326929 сўм ютди ва ҳ.к.
Қисқача қилиб айтганда, ЖШДСнинг прогрессив шкаласини қайта тиклаш зарурати қуйидагилардан келиб чиқади.
1. Иш ҳақи солиғи ўз маъносига кўра прогрессив бўлиши керак: солиқ солинмайдиган минимум бўлиши керак. Яъни, камида икки поғонали шкала бўлиши керак: солиқ солинмайдиган минимум ва ушбу минимумдан юқори қисмга даромад солиғи ставкаси.
Ясси шкала ҳақида гапирганда, даромаднинг солиқ солинмайдиган муайян энг кам миқдоридан ошган қисмига ягона (ясси) ставкани назарда тутиш лозим.
Интернет маълумотлари шуни кўрсатадики, дунёнинг аксарият мамлакатларида солиққа тортилмайдиган минимум ёки солиқ чегирмалари (таълим, даволаниш ва бошқалар учун) мавжуд.
Масалан, Германияда ҳали уйланмаган ишчи учун 2026 йилда солиқдан озод бўлган сумма 12348 еврони ташкил этади. Уйланган ишчи учун ишламайдиган турмуш ўртоғи ҳисобига иш ҳақининг солиқдан озод қисмини икки баравар ошириш мумкин.
2. Прогрессив шкала - умумқабул қилинган жаҳон амалиёти. Истиснолар жуда кам. Бу борада Ўзбекистонда қабул қилинган солиқ солинмайдиган энг кам миқдорсиз текис шкала – ноёб, ғайриоддий ҳолат.
Википедия манбасига кўра, алоҳида мамлакатлар учун даромад солиғи ставкалари диапазони (орладлиғи) қуйидагича:
Австралия 19 - 45% (0%, агар йиллик даромад 18 200 Австралия долларидан кам бўлса (2018 йил)), 2% - тиббий солиқ;
Австрия 36,5 - 50% (0%, агар йиллик даромад 11 000 евродан кам бўлса (2011 йил)), 25% - капиталдан олинадиган даромадга;
Буюк Британия 0-45%;
Германия 14 - 47,5%;
Ҳиндистон 0-30%;
Италия 23 - 45,6% (0%, агар йиллик даромад 8000 евродан кам бўлса (2008 йил), депозит солиғи - 27%);
Канада 15 - 33%;
Хитой 5 - 45%;
Покистон 0-25%;
АҚШ 0 - 39,6% (федерал), 0-13,3% (штат даражасида), 0-3,98% (маҳаллий);
Япония 5 - 40%.
3. Прогрессив шкала ва солиқ солинмайдиган минимум - тарихий амалиёт. Мустақиллик давригача Ўзбекистонда (бутун СССРда бўлгани каби) 70 рубль даромад солиғига тортилмас эди. Солиқ солинмайдиган энг кам миқдор амалиёти мустақил Ўзбекистонга ҳам ўтди - дастлаб амалда - иш ҳақининг биринчи сўмидан тўланадиган мажбурий суғурта бадаллари жорий этилган йилгача, кейин эса номинал (юзаки) тарзда то 2018 йилгача 0 фоиз солиқ солинадиган ЭКИҲ шаклида ("энг кам иш ҳақи" ҳозирги вақтда "базавий ҳисоблаш миқдори" - БҲМ тушунчасига ўзгартирилган)...
4. Прогрессив, ўсиб борувчи шкалага қайтишда юқори ставкага ўтиш поғоналарини шундай белгилаш мумкинки, тўловчиларнинг аксарияти учун солиқ пасаяди, фақат юқори маош олувчи тор қатлам учун солиқ ошади ва уларнинг юқори даромадларига деярли зарар етказмайди.
Прогрессив шкалага шартли мисол келтирамиз:
2 млн. сўмгача - 0%,
2 млн.дан 10 млн.гача - 7,5%,
10 млн сўмдан 20 млн сўмгача - 15%,
20 млн.дан ортиқ - 25%.
Бунда амалдаги 12% ли текис шкалага нисбатан:
- 2 млн. сўм олувчилар ҳеч нарса тўламайди, уларнинг қўлларига тушадиган сумма кўпаяди, яъни уларнинг даромадлари ошади;
- 10 млн сўм олувчилар 1,2 млн сўм ўрнига 600 минг сўм кам тўлайди;
- 20 млн. олувчилар ҳам камроқ тўлайдилар - 2,4 млн. сўм ўрнига 2,1 млн. сўм;
- 22 млн. 315 минг сўмдан ортиқ даромад олувчилар учун солиқ ошади. 25 млн. сўм олувчи 3 млн. сўм ўрнига 3,35 млн. сўм тўлайди - 350 минг сўм кўпроқ. Яъни солиқ фақат юқори маош олувчиларнинг тор доираси учун ошади.
5. Даромадларнинг зеб-зийнат, ҳашаматли хаётни таъминлайдиган қисми учун солиқ каттароқ бўлиши керак, чунки инсоннинг оқилона, табиий эҳтиёжлари чекланган. Ўртача оила учун битта автомобиль зарур. Иккита автомобиль - қулайлик. Учинчи автомобиль - ҳашамат. Бир йилда бир марта оилавий чет элда дам олиш - қулайлик, бир йилда икки марта - ҳашамат. Прогрессив шкалада бюджетга юқори даромадларнинг фақат кичик бир қисми – ортиқча ҳашамат, зеб-зийнатнинг бир қисми ҳашаматли ҳаётга зарар етказмасдан бюджетга олинади. Бу билан бойлар бой бўлишдан тўхтамайдилар!
Прогрессив шкалага қарши далилларнинг асоссизлиги
Прогрессив шкалага қарши бўлганлар (1) уни тушуниш ва ҳисоблаш қийин, (2) унда бизнес сояда бўлишда давом этади деб фикрлашади.
Рақамли технологиялар замонида бу далиллар асоссиздир.
Биринчидан, прогрессив шкаланинг ҳар қандай кўп поғоналилигида ҳам ҳисоб-китоб жуда оддий. Элементар экселда, агар прогрессив шкала формуласи берилган бўлса, даромад рақами ёзилиши билан қўлга олинадиган сумма дарҳол кўрсатилади. Ҳеч нарсани ҳисоблаб ўтириш керак эмас!
Иккинчидан, яширин иқтисодиёт улушининг юқорилигига асосий сабаб — зарурий назоратнинг йўқлигидир. Прогрессив шкаланинг бунга деярли дахли йўқ. Бизда дунёдаги энг паст ягона солиқ ставкаси жорий этилганига саккизинчи йил бўляпти, аммо яширин иқтисодиётга қарши кураш долзарблиги ҳамон пасаймаган.
Тўғри, текис шкалага ўтиш йилида ЖШДС бўйича бюджетга тушумлар 6,4 трлн. сўмдан 12,7 трлн. сўмга ошди. Ўсиш - 6,3 трлн. сўм. Деярли икки баробар. Бунда, албатта, паст текис шкала жорий этилиши ишчилар сонини легаллаштириш ҳисобига ижобий роль ўйнади, деб ҳисоблаш мантиқан тўғри бўлади.
Аммо ЖШДСдан бюджетга тушумлар ошишининг катта қисми бошқа омилларга тўғри келиши ҳам ҳақиқат: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун имтиёзларнинг бекор қилиниши тушумларни 1 трлн. сўмга оширди; шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ажратмалар меъёрининг 2%дан 0,1%гача пасайтирилиши тахминан 1,9 трлн. сўм тушумларни берди. 2019 йилда 15,2 фоизни ташкил этган инфляция омили бошқа тенг шароитларда ЖШДС бўйича бюджетга номинал тушумларни қарийб 1 трлн. сўмга оширди.
Умуман олганда, паст текис шкалани жорий этиш шаклидаги ЖШДСнинг пасайиши бир маротабалик чекланган ижобий таъсирга эга бўлди ва бизнесни етарли даражада легаллаштиришга арзирли ёрдам бермади. Президентимиз 2023 йил 18 август куни, яъни паст ясси шкала жорий этилганига бешинчи йилида, тадбиркорлар билан учрашуви чоғида: "Ҳозирги кунда мамлакатимизда “хуфиёна иқтисодиёт”нинг улуши 40 фоиз атрофида" - дея таъкидлаган эдилар.
Ўйлаймизки, юқори бошқрув иқтисодий идораларимиз мутахассислари ва раҳбарларининг кўпчилиги прогрессив шкалага ўтиш мақсадга мувофиқлигини тушунади. Аммо фикр билдиришда эҳтиёткорлик қилишади. Уларни тушуниш мумкин. Улар, афтидан, бу масалада профессионал қатъятлик, касбий журъат кўрсатиш вақти келгани йўқ, деб ҳисоблашса керак.
Жорий йилнинг 17 февраль куни бўлиб ўтган "Солиқ форуми - 2026" тадбирида модератор (Иродахон Аббосхонова) Солиқ қўмитаси раҳбарларидан бирига қуйидаги мазмундаги савол билан мурожаат қилгани бежиз эмас:
"Даромад солиғида тузилмавий ўзгаришлар кутиляптими, яъни бизда бошқа мамлакатлардаги каби прогрессив шкалага ўтиш режалари борми?". Қизиғи шундаки, YouTube каналига жойлаштирилган ушбу савол берилган видеолавҳа Солиқ қўмитаси вакилининг ушбу саволга жавобини эшитиш мумкин бўлган қисмида узилиб қолади.
Мазкур тадбир ҳақидаги бошқа видеолавҳаларда ҳам берилган бу саволга жавоб йўқ. Аммо модераторнинг шарҳи бор, у ЖШДС шкаласи ҳақидаги саволга жавобни умумлаштириб, киноя ва ҳиссиёт билан гапиради, яъни постсовет ҳудудида прогрессив шкалага ўтиш кетаётган бўлса-да, биз ҳозирча хотиржам бўлишимиз мумкин - Ўзбекистонда бундай ўтиш бўлмайди... – “Ҳозирча, вақтинча, халқ талаб қилмагунча...” ,- дейди у.
Жавобга бундай эмоционал-истеҳзоли изоҳ, бизнингча, иқтисодий бошқарув давлат органлари мутахассислари доирасида масаланинг долзарблиги англанилаётганидан, уларнинг прогрессив шкалани тиклаш зарурлигини жамоатчиликка қандай тушунтириш кераклиги борасида бироз ташвишда эканлигидан далолат беради.
Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистонга прогрессив шкалага ўтишни тавсия қилаётгани ҳам бежиз эмас.
Солиқ қўмитаси стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Тимур Исмоилов 2024 йил май ойида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумлардан бирида солиқ солишнинг ясси шкаласидан воз кечиш ва прогрессив шкалага қайтиш мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.
Прогрессив шкалани, юқорида кўрсатилганидек, шундай киритиш мумкин ва зарурки, кам маош олувчилар ютади, ўртача маош олувчилар ютқазмайди. Фақат юқори маош олувчилар ўз даромадларининг атиги бир қисмини - оқилона зарурий эҳтиёжлардан ошадиган қисмини - уларнинг қулай, хашаматли ҳаётига зарар етказмаган ҳолда, бюджет учун, давлат учун, яъни ўз манфаатлари ва давлат томонидан қондириладиган эҳтиёжлари учун бюджет билан бўлишишлари керак бўлади. Бунда ҳамма тенг бўлади - шкала олдида тенг бўлади! Юқори маош оладиганлар юқори даромад ва кенг моддий имкониятларга эга бўлиб қолаверади. Прогрессив шкаланинг ижтимоий адолатлилиги ҳам айни шунда.
Иқтисодий мантиқ, жаҳон амалиёти, тарихий тажрибадан келиб чиқиб, прогрессив шкалани тиклаш оддий, элементар масаладир. Олий математикани ўрганишни орзу қилганлар учун саноқ жадвали каби.
Бу иқтисодий ислоҳотда соғлом фикрлаш масаласидир. Бу масалада иккиланиб, чалкашиб, қатъиятсизлик кўрсатиб, биз иқтисодий ислоҳотнинг янада мураккаб ва муҳим муаммоларини ҳал қилишни ўзимизга қийинлаштириб қўймоқдамиз.
Соғлом фикр устун келиши керак. ЖШДСнинг прогрессив шкаласини қайта тиклаш лозим.
Ўйлайманки, жамоатчилигимиз бу чорани тўғри қабул қилади. Чунки жамиятнинг катта қисми ё ютади (кам маош олувчилар) ёки ютқазмайди (ўртача маош олувчилар). Юқори маош олувчилар эса - (1) бизнес ҳамжамияти вакиллари бўлган мулкдорлар, раҳбарлар ва менежерлар ўз юксак фуқаролик онгини, масъулиятини намоён этишлари керак, (2) ижро этувчи давлат органларининг юқори мартабали вакиллари ва (3) депутатларимиз эса ЖШДСнинг прогрессив шкаласига қайтишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжати ташаббуси билан чиқишлари ва уни қабул қилишлари керак.
Фарҳод Қурбонбоев,
иқтисод фанлари номзоди
Таҳририят фикри муаллиф фикри билан мос келмаслиги мумкин

Изоҳлар мавжуд емас