Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Андижон вилояти тадбиркорларининг салоҳиятини намойиш этувчи маҳсулотлар кўргазмаси ва доимий фаолият юритувчи савдо уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов ҳамда Ҳирот вилояти ҳокими Нур Аҳмад Исломжар иштирок этган тадбирда икки ҳудуд ўртасидаги савдо алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳирот вилояти ҳокими ўз нутқида ушбу маскан тадбиркорлар учун янги шерикликлар ва инвестициявий лойиҳалар майдонига айланишини таъкидлади.
Янги очилган савдо уйи ва кўргазма экспозициясидан 10 та асосий йўналишдаги 200 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар жой олган. Хусусан, афғонистонлик харидорларга қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, маиший техника ҳамда уй-рўзғор буюмлари каби Андижонда ишлаб чиқарилган юқори сифатли товарлар тақдим этилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Афғонистон бозорида ўз позициясини мустаҳкамлаш ва экспорт ҳажмини оширишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Бундан олдин 26 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Афғонистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилганди. Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Изоҳлар мавжуд емас