Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган янги қоидаларга мувофиқ, кўп квартирали уйларда бошқарув, санитария, хавфсизлик ва инфратузилма тизимларига оид бир қатор мажбурий талаблар жорий этилди. Унга кўра, энди уйларнинг умумий ҳолати мунтазам назорат қилиниб, таъмир ва тозалик ишлари аниқ белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
Янги тартибда тозалик ва техник хизмат кўрсатиш масаласи алоҳида қатъийлаштирилган. Хусусан, кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари камида ҳафтада бир марта тозаланиши шарт этиб белгиланди. Шунингдек, лифт хоналари доимий равишда тозаланиб борилиши ва лифт ускуналари мунтазам техник мониторингдан ўтказилиши лозим. Бошқарув органлари уйларнинг умумий техник паспортларини юритиши, юк кўтарувчи конструкциялар, видеокузатув тизимлари ҳамда домофонларни соз ҳолатда сақлаши мажбурий қилиб қўйилган. Авария ҳолатлари юзага келганда эса ертўла қисмларида тўпланиб қолган сув ва оқова массалар 24 соат ичида чиқариб ташланиши талаб этилади.
Қоидаларда бир қатор тақиқлар ҳам аниқ белгилаб берилган. Жумладан, уй ҳайвонларини зинапоялар, балконлар, ертўлалар ва умумий фойдаланиш жойларида сақлашга рухсат этилмайди. Шунингдек, балконларда оғир буюмлар ёки ёнғин хавфи туғдирувчи ускуналарни жойлаштириш, умумий жойларда ёнувчи материалларни сақлаш, болалар майдончалари ва кўкаламзор ҳудудларга автомобил қўйиш тақиқланган. Бундан ташқари, уйларда ўзбошимчалик билан қайта қуриш ишларини амалга ошириш ёки иситиш тизимларига аралашиш ҳам ман этилган. Умумий шовқин даражаси санитар меъёрлардан ошмаслиги ҳам алоҳида талаб сифатида кўрсатилган.
Янги қоидалар инфратузилмани ривожлантиришга ҳам қаратилган. Унга мувофиқ, кўп квартирали уйлар атрофида болалар учун ўйин майдончалари, катталар учун дам олиш ва спорт билан шуғулланиш ҳудудлари, чиқиндиларни саралаш майдончалари, велосипед ва аравачалар учун сақлаш жойлари, шунингдек, уй ҳайвонларини сайр қилдириш учун махсус майдонлар бўлиши шарт. Ҳудудлар ободонлаштирилган, ёритиш тизими билан таъминланган ва техник сув сепиш ускуналарига эга бўлиши керак.
Шу билан бирга, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ҳам кучайтирилган. Кўп квартирали уйлар атрофидаги яшил зоналарни қисқартириш, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесиш ёки кўчириш қатъиян тақиқланган. Шунингдек, яшил майдонларни чиқинди билан ифлослантириш, уларни автотураргоҳ сифатида фойдаланиш ёки кимёвий моддалар билан зарар етказишга йўл қўйилмайди.

Изоҳлар мавжуд емас