Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ички ишлар органлари ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Профилактика инспектори жиноий гуруҳ томонидан фуқарога етказилган тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатни "босди-босди" қилиш эвазига пора олганликда айбланмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланишича, жорий йилнинг февраль ойида 36 ёшли И.Саидов бошчилигидаги жиноий гуруҳ бир фуқарога тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолатни яшириш ва жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида профилактика инспектори воситачи сифатида 2700 доллар миқдорида маблағ талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида инспектор жабрланувчига аввал олинган пулларнинг бир қисми бўлган 1000 доллардан 300 долларини қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Айни пайтда инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тергов давомида инспекторнинг мазкур ноқонуний ишларга алоқадор бўлган яна бир ҳамкасбини ҳам жиноят ишига жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Бундан олдин Фарғона тумани солиқ инспекцияси бош инспектори ер майдонини ноқонуний равишда ажратиб бериш ва унинг тоифасини ўзгартириш эвазига катта миқдорда пул талаб қилганликда гумонланиб ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас