Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Парламент қуйи палатасининг навбатдаги йиғилишида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган бир нечта йирик қонун лойиҳалари муҳокама марказида бўлди. Депутатлар меҳнат муносабатлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда саноат соҳасидаги масъулиятни кучайтиришга оид ҳужжатларни кўриб чиқишди.
Мажлисда энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган масалалардан бири — Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиришлар бўлган. Халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка жорий этиш мақсадида, эндиликда кодексда меҳнат соҳасида камситиш белгилари қаторига "терисининг ранги" ва "сиёсий қарашлар" тушунчалари ҳам қўшилмоқда. Шу билан бирга, иш жойларида инсон шаънини ҳимоя қилиш ва шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган янги норма киритилган ва ушбу лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинган.
Бундан ташқари, аввалроқ Сенат томонидан рад этилиб, Келишув комиссияси томонидан қайта ишланган "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам маъқулланган. Янги таҳрирда Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари ва судьяларга қўйиладиган талаблар аниқлаштирилган. Ушбу марказ ҳудудида инглиз ҳуқуқи принциплари амал қилади ҳамда махсус солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади. Бу эса иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Йиғилишда хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, юқори хавфга эга технологиялар ривожланиши муносабати билан назорат кучайтирилмоқда. Жиноят кодексига саноат хавфсизлиги қоидаларини бузиб, одам ўлими ёки оғир жароҳатланишга сабаб бўлганлик учун жавобгарлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса атом энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузган юридик шахсларга нисбатан молиявий жарималар солиш механизми киритилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "Ветеринария тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мувофиқлаштирилиб, иккинчи ўқишда қабул қилинган ва Сенатга юборилган.
Мажлис якунида коммунал хўжалиги соҳаси ходимларининг нуфузини ошириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими" фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам маъқулланиб, юқори палатага йўлланган.

Изоҳлар мавжуд емас