Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент метрополитени бекатлари ва тоннелларида сув сизиши, техник ускуналарнинг эскириши ҳамда имконияти чекланган шахслар учун шароитлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар юзасидан Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга расмий депутатлик сўрови йўлланди. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси аъзоси Гулруҳ Агзамова томонидан юборилган ушбу сўровда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва метронинг ноёб маданий мерос объектлари ҳисобланган тарихий қиёфасини асраб қолиш масалалари илгари сурилган.
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси ўз сўровида айни пайтда метро инфратузилмасида хавфсизликка таҳдид солаётган бир қатор жиддий камчиликларни санаб ўтган. Хусусан, "Беруний", "Ғафур Ғулом", "Алишер Навоий" ва "Космонавтлар" бекатларида деворлардан сув сизиши оқибатида уларнинг ноёб тарихий-бадиий қиёфасини белгиловчи керамика паннолари яроқсиз ҳолга келаётгани аниқланган. Шунингдек, ер усти метро йўналишидаги "Жунариқ" канали ва "Чортоқ" ариғи кўприк таянч устунлари атрофидаги тупроқни ювиб кетаётгани туфайли иншоотлар мустаҳкамлиги хавф остида қолган.
Бундан ташқари, депутат "Чорсу", "Ғафур Ғулом" ва "Алишер Навоий" бекатларида 1984 йилда ўрнатилган эскалаторлар ҳамда 1977 йилдан буён ишлаётган бирлашган ним тортиш станцияси (БНС-2) техник жиҳатдан бутунлай эскирганини ва уларни тезкорлик билан энергия тежамкор қурилмаларга алмаштириш зарурлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, йирик юк машиналарининг ер усти метроси кўприк тўсинларига урилиб, иншоотга шикаст етказаётгани ҳамда бекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун электрон кўтаргичлар ишламаётгани, махсус йўлаклар йўқлиги алоҳида танқид остига олинган.
Амалдаги қонунчиликка асосланиб, депутат Гулруҳ Агзамова Транспорт вазирлигидан 10 кун муддат ичида ушбу тизимли муаммоларни бартараф этиш, қирғоқларни мустаҳкамлаш, юк машиналари учун махсус чекловчи габаритли дарвозалар ўрнатиш ҳамда йўловчиларга қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан асослантирилган жавоб беришни талаб қилган.
Бундан олдин ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси Тошкент вилоятидаги боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолатлари юзасидан Бош прокуратурага депутатлик сўрови юборганди.

Изоҳлар мавжуд емас