Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов ресторан ва меҳмонхоналарда спиртли ичимликлар учун тўловларни нақд шаклда қабул қилиш тизими жорий этилишини маълум қилди. Ушбу тартиб соҳадаги мавжуд ноқулайликларни бартараф этишга қаратилган бўлса-да, жамоатчилик фаоллари томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда.
Ҳозирда умумий овқатланиш корхоналарида овқат учун нақд пулда, алкоголь маҳсулотлари учун эса алоҳида банк картаси орқали тўлов қилиш тизими амал қилмоқда. Бу ҳолат, айниқса, хорижлик туристлар ва маҳаллий истеъмолчилар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Солиқ қўмитаси раисининг таъкидлашича, тегишли инстанцияларга таклифлар киритилган ва яқин кунларда алкоголь маҳсулотларини ҳам ошхона хизматлари каби нақд пулга сотиш имкони яратилади.
Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ушбу ташаббусга муносабат билдириб, солиқ сиёсатидаги тенгсизлик масаласини ўртага ташлаган. Унинг қайд этишича, алкоголь маҳсулотлари савдоси эркинлаштирилаётган бир пайтда, фуқаролар учун ҳаётий зарур бўлган бензин ёки метан газ сотиб олишда нақд пул билан боғлиқ чекловлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Кушербаев энергия ресурслари савдосида нақд пул чеклови амал қилаётгани фонида алкоголь учун бундай қулайлик яратилишини мантиқсиз деб баҳолаган. "Бир тарафдан, аҳолига қулайлик деган баҳона, иккинчи тарафдан эса ҳаётий зарур маҳсулотларга чеклов сақланиб қолмоқда", — дея таъкидлаган фаол. Ҳозирда жамоатчилик вакиллари нафақат алкоголь, балки ёқилғи маҳсулотлари савдосида ҳам нақд пулда тўлаш имкониятини тўлиқ тиклаш зарурлигини илгари сурмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас