Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мирзо Улуғбек туман жиноят ишлари судида блогер ва тадбиркор Санжар Каримов (Real Sanjik) иши бўйича тўртинчи ва энг узоқ давом этган мажлис ўз ниҳоясига етди. Суд жараёни тафсилотларини ўрганишда давом этамиз. Шаҳзод Рисматовнинг "Дубай асирлиги" ва қалбаки чек ҳақидаги кўрсатмаларидан сўнг, суд битимларни юридик расмийлаштириш ва молиявий оқимларни кузатиб борган шахсларни сўроқ қилишга ўтди. Мажлиснинг иккинчи қисмида нотариус кабинетида ҳақиқатда пул берилганми ёки йўқлиги, ҳамда юз минглаб долларлар аслида қаерга — криптобизнесга кетганми ёки эски мажбуриятларни ёпишга сарфланганми, деган масала асосий муҳокама мавзусига айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айни пайтда тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ва жараёнда видеоалоқа орқали иштирок этган Шаҳзод Рисматовнинг кўрсатмалари ҳақида батафсил ёзган эдик.
Гувоҳ ўз версиясини баён қилиб, унга банк ҳужжатларини расмийлаштириш баҳонасида БААда паспортсиз асирликда ушлаб турилгани, айни пайтда Тошкентда унинг ва келинойисининг оиласидан уйлари амалда тортиб олинганини маълум қилди. У босим ўтказишнинг асосий воситаларидан бири сифатида 235 минг долларлик SWIFT-чекини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, ушбу чек қалбаки бўлиб, фақат қариндошларда кўчмас мулк учун тўлов амалга оширилгани ҳақида тасаввур уйғотиш ва уларни нотариусда ҳужжатларга имзо чекишга кўндириш учун хизмат қилган.
Муҳим жиҳати шундаки, Рисматов аввалги кўрсатмаларидан расман воз кечиб, уларни ёлғон деб атади ва улар судланувчининг ўзи томонидан юборилган адвокатларнинг кучли руҳий босими остида берилганини таъкидлади. Гувоҳ дастлаб Каримовни онасининг хавфсизлиги ва мол-мулкни қайтариб олиш мақсадида "оқлагани", аммо энди ҳар бир иштирокчининг асл ролини очиб беришга қарор қилганини тушунтирди. Унинг янги версиясига кўра, барчаси Каримовнинг Дубайда умумий бюджети 600 минг доллар бўлган қўшма криптоайирбошлаш шохобчасини очиш таклифи билан бошланган. Катта фойда ваъда қилган ушбу йирик бизнес-лойиҳа учун оилалар ўз кўчмас мулкларини вақтинча гаровга қўйишга рози бўлишган, бироқ улар гаров шартномаси ўрнига олди-сотди ҳужжатларини имзолаётганликларини хаёлларига ҳам келтиришмаган.
Битимнинг моҳияти ҳақидаги ушбу икки хил қараш — криптобизнес ҳақиқий мақсад бўлганми ёки мол-мулкни эгаллаш учун қулай ниқоб бўлганми — бошқа гувоҳларни сўроқ қилиш учун бошланғич нуқтага айланди. Рисматовнинг чиқишидан сўнг, суд дарҳол ҳужжатлар қандай расмийлаштирилгани ва молиявий оқимлар якунда қаерга йўналтирилганини ўрганишга ўтди.
"Пулни кўрмаганман". Нотариуснинг кўрсатмалари ва қора пакет сири
Битим шароитларини батафсил ўрганиш мақсадида суд 2024 йил 7 август куни Олимбоевлар оиласига тегишли уйнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштирган нотариусни сўроққа чақирди. Гувоҳ ўша кунги хронологияни батафсил тиклаб берди ва жараён фуқароларнинг мурожаати ҳамда унинг ёрдамчиси Илҳом томонидан ҳужжатларни текширишдан бошланганини қайд этди. Барча расмиятчиликлар тугагач, томонлар шартномани имзолашга ўтишган.
"Сотувчи сифатида Шаҳло Олимбоева, харидор сифатида эса Санжар Каримов мурожаат қилди. Мен бу жараённи қонуний асосларда барча ҳаракатларни бажарган ҳолда расмийлаштирдим", — деб таъкидлади гувоҳ. У, шунингдек, ҳужжат матнини шахсан ўзи ўқиб берганини ва "ҳар бир бандда алоҳида тўхталганини", иштирокчилар томонидан ҳеч қандай эътироз билдирилмаганини қўшимча қилди.
Бироқ расмийлаштиришнинг юридик жиҳатдан тозалиги ортида низонинг асосий сабаби — уй учун амалда тўлов қилинганми, деган масала яширинган эди. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун суд Санжар Каримовга гувоҳга шахсан савол бериш ҳуқуқини берди.
Судланувчи ўзининг воқеалар талқинида туриб олди, унга кўра, у нотариус кабинетидаёқ қора пакетда 240 минг доллар берган эмиш. Бироқ гувоҳ бу версияни мутлақо тасдиқламади.
"Нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақтида мен томонларнинг хоҳиш-иродасини эшитдим ва нотариал ҳаракатни бажардим, лекин пулларни... кўрмадим". Нотариус, шунингдек, регламентга кўра видеоёзувлар атиги бир ой сақланиши сабабли, воқеалар кетма-кетлигини улар орқали тиклашнинг иложи йўқлигини аниқлаштирди.
Ўз сўзларига тасдиқ излаган Каримов гувоҳдан ташрифи тафсилотларини — айнан қайси пайтда киргани ва қўлида нима бўлганини эслашни сўради. Нотариус вазиятни эслаб, судланувчининг келиши кўплаб ҳамроҳлар сабабли шовқин-сурон билан кечганини таъкидлади.
"Сиз келганингизда кўп одам келди, беш-олти киши. Мен ташқарига чиқиб, ёрдамчимга: "Одамлар сонини камайтиринг. Сотувчи, харидор. Бўлди", дедим", — деб ўртоқлашди гувоҳ тафсилотлар билан. Шовқинли ташрифга қарамай, нотариус харидорнинг қўлида нақд пул солинган ҳеч қандай пакет бўлмаганини аниқ қайд этди.
"Сизнинг пакетларингизни кўрмадим, лекин соябонингиз, шляпангиз, қўлингизда қандайдир дипломат бор эди", — дея хулоса қилди у.
Судланувчининг ҳимояси эса, ўз навбатида, битимнинг юридик жиҳатдан тозалиги ва ихтиёрийлигига урғу берди. Нотариус барча ҳужжатларни томонларнинг ўзлари шахсан олиб келганини тасдиқлади, чунки паспортларнинг аслисиз тизимга маълумот киритишнинг иложи йўқ. Гувоҳ алоҳида таъкидлади:
"Агар шартнома асосида бирор-бир келишмовчилик юзага келса, биз жойида рад жавобини, ёзма рад жавобини берамиз".
Бироқ, унинг сўзларига кўра, 7 август куни кабинетда тўлиқ розилик ҳукм сурган ва имзолар ҳеч қандай иккиланишсиз қўйилган эди.
"Дубай учун пул бўлмаган". Иброҳим Молланов судда нималарни гапириб берди?
Суд навбатдаги босқичда Иброҳим Моллановнинг кўрсатмаларини тинглади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир неча гувоҳ уни Амирликларга валюта ўтказиш схемасида воситачи сифатида кўрсатган эди. Бироқ Санжар Каримов ҳимоя томони бошиданоқ бошқача позицияни илгари сурган эди: Молланов шунчаки хусусий қарз берувчи бўлган, Шаҳзод Рисматов унга катта миқдорда қарздор бўлган, унга берилган пуллар эса Амирликларга транзит қилинмаган, балки ўша қарзнинг қайтарилиши бўлган.
Эътиборлиси, суд олдида сўзга чиққан Молланов деярли ҳимоя томони позициясига мос келадиган версияни баён қилди. Гувоҳнинг сўзларига кўра, у Рисматов билан олти йилдан бери таниш — улар пойтахтдаги кальянхоналардан бирида умумий қизиқишлари туфайли яқинлашиб қолишган. Улар ўртасидаги ишонч йиллар давомида мустаҳкамланган: Шаҳзод мунтазам равишда "айланма маблағ" учун пул олиб турган ва "ҳар доим ўз вақтида қайтарган".
Моллановнинг сўзларига кўра, уларнинг ишбилармонлик шериклиги 2024 йил 7 январда, Рисматов смартфонларнинг катта партиясини сотиб олишга сармоя киритишни таклиф қилганида янги босқичга чиққан. Схема жуда жозибали кўринган ва тез даромад ваъда қилган: қиймати 1 минг доллар бўлган ҳар бир қайта сотилган аппаратдан 200 доллар миқдорида соф фойда кутилган ва дўстлар буни тенг тақсимлашни режалаштиришган. Корхонанинг муваффақиятига ишониб ва катта даромаддан умид қилиб, Иброҳим амакисидан (тадбиркор) 272 минг доллар олиб, бутун суммани "ҳалол сўз" эвазига Шаҳзодга топширган.
"У менга етти ой давомида ҳар ойда 24 минг доллардан тўлаб бериши, муддат тугагач эса сармоя қилинган асосий суммани қайтариши керак эди", — деб тушунтирди Молланов судга. У, шунингдек, Рисматов бу мақсадлар учун яна 4-5 кишидан ҳам пул олганини қўшимча қилди.
Моллановнинг аниқлик киритишича, Рисматов ушбу муддат ичида жами 168 минг доллар тўлаган, бироқ бу пуллар фақатгина фойда (фоизлар) бўлганини ва у уларни амакисига топширганини таъкидлади. Асосий капитал эса тегилмасдан қолган.
"Телефон бизнеси" билан параллель равишда дўстлар муносабатларида узоқ давом этган автоулов қарзи ҳам юзага келган. Иброҳим Шаҳзодга ўзининг BMW M3 русумли машинасини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 100 минг долларга сотган, бироқ бу ерда ҳам шеригининг молиявий интизоми панд берган. Молланов тўлиқ сумма ўрнига атиги 46 минг доллар олган, қолган 54 минг доллар эса, унинг сўзларига кўра, "ҳавода қолди".
Айнан шу автомобиль кейинчалик Санжар Каримовга берилган умумий гаровнинг бир қисмига айланди. Рисматов у билан бизнес учун пул ажратиш бўйича келишаётганда, Олимбоевларнинг уйи кўринишидаги гаров етарли бўлмаган. Каримов шарт қўйган: яна иккита машинани топшириш керак — BMW M5 ва айнан ўша BMW M3. Судда маълум бўлишича, Шаҳзод бу машина учун ҳатто собиқ эгасига тўлиқ тўловни ҳам амалга оширмаган экан.
Молланов узоқ вақт давомида тўлов билан боғлиқ муаммони ошкор қилмаганини ва расмий даъво аризаси билан мурожаат қилмаганини таъкидлади. Бунга қарздорнинг шахсий илтимоси сабаб бўлган: шахсий ёзишмаларда Рисматов қийинчиликлари ҳақида "ошкор қилмасликни" сўраб, ишлар ўнглангач, ҳаммасини ҳал қилишга ваъда берган.
"Мен Шахзоднинг илтимосига кўра қарз ҳақида сукут сақлаб турганимда, у атрофдагиларга гўёки мен бу машина учун тўловни амалга ошира олмаганман, шу сабабли Рисматов уни олиб қўйган деб гапира бошлади", – дея қўшимча қилди гувоҳ.
Томонларнинг кўрсатмаларидаги асосий зиддият асосий қарзни қайтариш санасига тааллуқлидир. Рисматовнинг ўзи аввалроқ тўлов муддати фақат сентябрь-октябрь ойларида келишини даъво қилган бўлса, Моллланов пул август бошидаёқ қайтарилиши керак бўлганини таъкидлади. Айнан шу сабабдан 7 август куни гувоҳ ўз дўстини излашга тушган.
"Мен Шахзодга тинмай қўнғироқ қилдим, аммо у узоқ вақтгача гўшакни кўтармади. Амам пулнинг қайтарилишини кутаётган эди ва мендан бу ҳақда тинимсиз сўрарди. Фақат кечга бориб, Шахзод бандлигини рўкач қилиб жавоб берди. Телефон суҳбатида у ҳозир нотариусда эканини ва мендан олган қарзини узиш учун маблағ топиш мақсадида уй масаласи билан шуғулланаётганини тушунтирди", – деб эслади гувоҳ.
Моллановга кўра, вазият ўша куни кечқурун ҳал бўлган. Соат 17:00–18:00 атрофида Молланов яшайдиган уйга қора рангли Kia K5 кириб келди. Ундан Рисматов, унга ҳамроҳлик қилаётган Ҳасан исмли шахс ва "бақувват" ҳайдовчи тушишган. Иброҳимнинг сўзларига кўра, Шахзод ҳайдовчини Санжар Каримовнинг одами сифатида таништирган.
"У келиб, қора пакетда 200 минг долларни топширди. Мен дарҳол: "Мен бу пулни қўлимга олмайман, тўғридан-тўғри амакимга бер", деб огоҳлантирдим. Натижада у бутун суммани менинг кўз ўнгимда амакимга топширди", – деди гувоҳ.
Рисматовнинг Каримовга тегишли автомобилда пайдо бўлиши суд залида ҳақли саволларни келтириб чиқарди. Суд жараёнида пул ташиш пайтида айбланувчининг одамлари нима учун қарздорга ҳамроҳлик қилганини ойдинлаштириш зарурати юзага келди.
"У такси чақирмоқчи эди, лекин шунча пул билан "Яндекс"да юрадими? Мен шунчаки ҳайдовчига уни айтган жойига элтиб қўйишни буюрдим. Ҳайдовчи элтиб қўйди ва қайтиб кетди".
Иброҳимнинг айтишича, ҳисоб-китоблар шу билан тугамаган. Ўша куни кечқурун "Эфенди" муассасаси олдида Рисматов яна 50 минг доллар берган, охирги 46 минг долларлик траншни эса икки кундан сўнг Юнусободда гувоҳ Жамила иштирокида олиб келган.
Суд жараёнининг кўламига қарамай, Молланов судда дўстининг ҳозирги аҳволини инобатга олиб, унга қарши расмий ариза ёзмаганини билдирди. Гувоҳнинг сўзларига кўра, агар Рисматов машина учун қолган 54 минг долларни қайтарса, унинг ҳеч қандай даъвоси қолмайди.
Судья айбланувчи Санжар Каримовдан Моллановга саволлари бор-йўқлигини сўраганида, у қисқагина жавоб берди: "Мен умуман танимайдиган одамга қандай саволим бўлиши мумкин?"
"Мен ҳеч кимни алдамадим ва уйни қайтариб беришга тайёрман, илтимос, мени қўйиб юборинглар"
Гувоҳлар сўроқ қилингач, судда ишнинг асосий фигуранти — Санжар Каримов сўзга чиқди. Унинг чиқиши Инъом исмли нотариус ёрдамчисини қўшимча гувоҳ сифатида чақириш ҳақидаги илтимосномадан бошланди. Айбланувчи айнан у пул ўтказилган вақтни кўрганини ва битим шаффоф бўлганини тасдиқлаши мумкинлигини таъкидлади.
"Ҳар бир сўзим фактлар билан тасдиқланган. Инъом нотариус ҳузурида пулни кўрганлардан бири эди", – деди Каримов.
Бироқ суд бу илтимосномани рад этди. Раислик қилувчи судья иш материалларида нотариуснинг ўз кўрсатмалари аллақачон мавжудлигини ва бу етарли эканини тушунтирди.
Каримов Шаҳзод Рисматов билан муносабатлари доимо узоқликда бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Шаҳзод 2015 йилдан буён мижоз сифатида билган "оддий кальянчи йигит" бўлган. Кейинчалик улар баъзида тунги пойгаларда учрашиб қолишган, ўшанда Шаҳзод тадбиркорга доимо "ака" деб мурожаат қилиб, дўстлик излаган.
Вазият 6 август куни Исматов Каримовга тинмай қўнғироқ қилиб, уйи олдида пойлаб ўтирганида кескинлашди.
"У Telegram орқали Оқтепадаги уйнинг суратларини ва манзилини юбориб, уни сотиб олишимни ёлвориб сўради. Мен бир неча бор рад этдим, бу мени қизиқтирмасди. Аммо Шаҳзод чекинмади: у иккита машинасини гаровга қўйишни таклиф қилди ва оиласи уйни 12 кундан кейин 20 минг долларга қимматроққа қайтариб сотиб олишини ваъда қилди. Охир-оқибат, узоқ ялинишлардан сўнг, 7 август куни рози бўлдим", – деб ҳикоя қилди Каримов.
Санжар Каримовнинг кўрсатмаларида Олимбоевлар оиласи билан илк учрашув тафсилоти муҳим ўрин тутди. Айбланувчи нотариал идорага боргунга қадар уй эгаларини танимаганини ва фақат Шаҳзод Рисматовнинг сўзларига ишонганини таъкидлади. Бироқ хона остонасидан ҳатлаши билан тадбиркор "бир нарса нотўғрилигини" сезган.
"Учрашувга ҳайдовчим ҳамроҳлигида кечиккан ҳолда келдим. Киришим билан Жамила (уй эгаларининг қизи) "Мана, пул берадиган одам" деди. Шу лаҳзадаёқ Шаҳзоднинг ҳикоясидаги зиддиятларни пайқадим. Аввалроқ у мени уй эгалари унинг амакиси ва оиласи эканига ишонтирганди, лекин уларнинг Жамила билан ўзаро муносабатларидан улар қариндош эмас, балки жуфтлик экани яққол кўриниб турарди. У ерда "амаки" деган гапнинг ўзи йўқ эди», – деб тушунтирди Каримов.
Вазиятни аниқлаштириш ва ким ким эканини тушуниш учун Каримов ҳозир бўлганлардан хонанинг бурчагидаги диванда хусусий суҳбат қуриш учун четга чиқишни сўради. У ерда оила бошлиғи Муҳаммадамин ака билан бўлган тўғридан-тўғри суҳбат чоғида битим иштирокчиларининг ҳақиқий роллари ойдинлашди.
"Мен тўғридан-тўғри Муҳаммадамин акадан Шаҳзод унга ким бўлишини сўрадим. У: "Бу куёвим", деб жавоб берди. Уйни сотишдан мақсад нималиги ҳақидаги саволимга оила бошлиғи у куёвининг бизнесига инвестиция киритаётганини тушунтирди. Фақат шу аниқликлардан сўнг, барчаси маълум бўлгач, биз ҳужжатларни расмийлаштиришга ўтдик", – деб таъкидлади айбланувчи.
Каримов таъкидлайди: у учун бу "гаров" эмас, балки тўғридан-тўғри олди-сотди битими бўлган. У нақд пулни папкада олиб келганини ва нотариус томонларга имзолаш учун аризаларни тақдим этганида, пулларни очиқчасига стол устига қўйганини даъво қилмоқда.
Ўз ҳақлигининг асосий далили сифатида судланувчи замонавий технологияларга мурожаат қилди: "Менда пуллар ва ҳужжатларга муҳр босилгунга қадар олинган суратлар бор. Махсус дастур ёрдамида ҳар бир сонияни, телефоннинг IMEI-кодини ва бу суратлар қаерда олинганини текшириш мумкин. Мен пулни уйга алмаштириш учун келгандим. Агар бирор салбий шубҳа туғилганда, шунчаки ўрнимдан туриб кетиб қолардим".
Каримовнинг сўзларига кўра, жараён очиқ ўтган – нотариус ёрдамчиси Инъом сув олиб келган ва пулларни кўрган, Шахло Олимбоева эса олди-сотди шартномасини шахсан ва диққат билан ўқиб чиққан, ҳатто нотариус ёрдамчисига исмларни кичик ҳарфлар билан ёзгани учун танбеҳ ҳам берган.
Нотариуснинг асосий хонасига киришдан олдин томонлар диванда узоқ суҳбатлашиб, қайтариб сотиб олиш шартларини муҳокама қилишган. Каримовнинг иддао қилишича, Олимбоевлар пул қайтарилиши учун берилган 12 кун ичида у уйни бошқа бировга сотиб юбормаслигидан хавотирланишган. Судланувчи уларни ўз уйларини қайтариб олиш учун биринчи ва ягона даъвогар эканликларига ишонтирган.
Нотариус хонасида кўчиб чиқиш муддати ҳақида савол туғилган. Каримов 12 кунлик муддатни расман қайд этиш мумкинми, деб қизиққан, аммо нотариус қонун бўйича бунинг учун 30 кун ажратилишини тушунтирган.
"Нотариус шартнома матнини тўлиқ овоз чиқариб ўқиб берди, унда сотувчи ҳам, харидор ҳам кўрсатилганди. Ҳужжат ўқиб эшиттирилмагани ёки бир нусхада берилгани ҳақидаги гаплар — ёлғон. Биз идорадан яхши кайфиятда чиқдик, битим якунланганди. Мен ҳатто камчилик чиқмаслиги учун Муҳаммадамин акага пулни ўша ернинг ўзида санаб олишни таклиф қилдим, аммо буни Рисматов амалга оширишига келишиб олинди", – дейди тадбиркор.
Каримовнинг талқинига кўра, у Рисматовга пул солинган сумкани нотариусданоқ олиб кетишига йўл қўймаган. Бунинг ўрнига улар пул ўтказилганини қайд этиш ва иккита машина кўринишидаги ваъда қилинган гаровни расмийлаштириш учун офисга боришга келишишган. Бироқ шу босқичданоқ дастлабки муаммолар бошланган.
Рисматов машиналарни олиб келганида, улардан бири ҳужжатлар бўйича унга тегишли эмаслиги аниқланган. Шаҳзод шошилинч равишда салондан ўз буюмлари: компьютерлар, кийимлар ва ҳужжатлар солинган папкаларни тушира бошлаган. Бирор нохуш ҳолатни сезган Каримов расмий тилхат ёздириб олишни талаб қилган.
"Мен ўша вақтнинг ўзида тилхат ёздириб олиб, тўғри қилган эканман. Мен унга: "Бу машиналарни қолдиряпсанми? Шу ҳақда ёзиб бер", деб очиқ айтдим. Эртага ҳақиқий эгаси келиб, ўғирлик ҳақида ариза ёзмаслиги учун у қанча пул олгани ва машиналарни қандай шартлар билан қолдирганини тасдиқлаб олиш керак эди», – деб тушунтирди судланувчи.
Санжар Каримов кўрсатмаларининг иккинчи қисми битим расмийлаштирилганидан кейинги воқеаларга бағишланди. Судланувчининг сўзларига кўра, иккита машина кўринишидаги "кафолатлар" тезда пучга чиққан: иккала машина ортидан уларнинг ҳақиқий эгалари келган.
"Дастлаб бир киши келиб, Рисматов машинаси учун қарзни тўламаганини айтди. У милиция чақириш билан таҳдид қилди ва мен калитларни топширдим. Кейин иккинчи машина, BMW M3 эгаси пайдо бўлди. Маълум бўлишича, техпаспорт менинг қўлимда бўлганида, Шаҳзод уни бошқа одамга сотишга улгурган экан. Натижада мен ҳам пулсиз, ҳам гаровдаги машиналарсиз қолдим. Мени ҳар томондан "алдашга" уринаётганларини тушуна бошладим", – деб ҳиссиёт билан сўзлаб берди Каримов.
Судланувчи прокуратура назорат-ўтказиш пунктида Олимбоевлар оиласи билан тасодифан учрашиб қолганини батафсил баён қилди. У ерга у суд жараёнларидан сўнг уйни қайтариш ҳақидаги аризасини топшириш учун борган эди. Унинг сўзларига кўра, у отасининг вафотидан 40 кун ўтиши муносабати билан уларга кўчмас мулкни бепул қайтариб олишни таклиф қилган.
"Мен Муҳаммадамин-акада ўз отамни кўрдим. Мен: "Уйни олаверинглар, бу отамнинг руҳига савоб бўлсин, менга бу пуллар керак эмас", дедим. Аммо улар кескин жавоб қайтариб, судда ўзлари ютиб олишларини айтишди. Шунга қарамай, кейинчалик уларнинг уйида учрашдик, чой ичдик ва нотариус ҳузурида тинч йўл билан қайта расмийлаштиришга келишиб олдик", – деб таъкидлайди тадбиркор.
Каримовнинг талқинига кўра, ярашув битими юридик мураккабликлар сабабли сўнгги лаҳзада барбод бўлган – нотариус уйга тақиқ қўйилганини аниқлаган.
Санжар Каримов фирибгарлик моддаси бўйича айблов учун зарур бўлган ғаразли ниятнинг йўқлигини таъкидлаб, ўз мақоми ва обрўсига мурожаат қилди.
"Мен бадавлат тадбиркорман, тендерларим, шартномаларим ва кўчада ўз обрўйим бор. Бу ерда ўтирган вақтим ичида ундан кўра кўпроқ пул ишлаб топган бўлардим. Мен ушбу олди-сотди шартномасини пешонамга қўйиб, ўз сўзимда турдим: мен бу уйни сотиб олдим, пулини тўладим. Агар мамлакатимизда кадастр ва нотариус билан боғлиқ битимлар ишламаса, унда юстиция ўзи нимага керак?" – дея савол қўйди судланувчи.
Сўроқ якунида раислик қилувчи судья Каримовнинг ҳақиқий мотивацияси ва Шаҳзод Рисматовнинг хатти-ҳаракатларига бўлган муносабатини аниқлаш учун бир қатор аниқлаштирувчи саволлар берди. Рисматовга нега 240 минг долларлик катта суммани бергани ҳақидаги тўғридан-тўғри саволга Каримов шундай жавоб берди:
"Мен бу пулни уй учун берганман. Шаҳзод уларни айнан қаерга сарфламоқчи эди — телефонлар билан боғлиқ бизнесигами ёки бошқа нарсагами — у менга ҳисобот бермаган. Олимбоевлар оиласининг ўзи унинг тадбиркорлик фаолиятига инвестиция киритаётганини тасдиқлаган. Агар уларнинг бизнесида иш юришмаган бўлса, бунда мен нега айбдорман?"
Суд сумманинг таркиби билан ҳам қизиқди. Каримов 150 минг доллар уйнинг ҳақиқий қиймати эканини, қолган 90 минг доллар эса Рисматовнинг гаровга қўйилган автомобиллари билан таъминланганини тушунтирди. Бироқ судьянинг "нега машиналарни ўз номингизга расмийлаштириб олмадингиз?" деган саволига судланувчи шундай иқрор бўлди:
"Техпаспорт менинг қўлимда экан, машиналар ҳеч қаёққа кетмайди деб ўйлаганман. Уларни менинг орқамдан бошқа номга ўтказиб, сотиб юбориш мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мен шундай ҳисоблагандим: пулим қайтарилмагунча, на уйни, на машиналарни бераман".
Диалог сўнгида судья Каримовдан Олимбоевларни алдаган деб ҳисоблайсизми, деб тўғридан-тўғри сўради.
"Мен бу оилани алдамадим. Бундан ташқари, бу вазиятда менинг ўзимни алдашганини ҳисоблайман", – деб жавоб берди Каримов қатъийлик билан.
Сўроқ якунида Санжар Каримов низони ҳал қилишнинг ҳар қандай қонуний вариантига тайёрлигини тасдиқлади. Судланувчи ё уйни Олимбоевлар оиласига тўғридан-тўғри қайтаришга, ёки суд ҳисоб рақамига эквивалент пул суммасини киритишга рози эканини билдирди.
"Мен бу пулни ҳисоб рақамига қўйишга ҳам тайёрман, раислик қилувчи. Уйни қайтаришга ҳам тайёрман. Фақат, илтимос, мени қўйиб юборинглар", – дея судга мурожаат қилиб, сўзини якунлади у.
Раислик қилувчи судья мажлисда танаффус эълон қилиб, кейинги эшитувни 24 апрель куни соат 9:30 га белгилади.

Изоҳлар мавжуд емас