Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янги тартибга кўра, эндиликда телекоммуникация операторлари шартномада интернетнинг энг паст тезлигини аниқ кўрсатишга мажбур. Шунингдек, жамоат Wi-Fi тармоқларидан фойдаланишда шахсни мажбурий идентификация қилиш тизими жорий этилди.
Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3762, 26.01.2026 й.). Унга кўра, телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган бир қатор янгиликлар белгиланган.
Кўп йиллар давомида абонентлар интернет тезлиги пастлигидан шикоят қилиб келишган, бироқ операторлар "тезлик ...гача" деган жумла билан жавобгарликдан қочиб келишган. Янги қоидалар билан бу амалиётга чек қўйилмоқда: эндиликда маълумот узатишнинг минимал кафолатланган тезлиги шартномада кўрсатилиши шарт.
Шу билан бирга йирик авариялар ва таъмирлаш ишлари ҳақида абонентлар олдиндан SMS ёки ОАВ орқали огоҳлантирилиши шарт.
Жамоат Wi-Fi тармоқларига уланишда мобил рақам ёки SMS-парол орқали шахсни тасдиқлаши мажбурий бўлади. Бунда бир марталик парол (OTP) муддати 10 дақиқадан ошмаслиги керак.
Барча провайдерлар тармоқ ускуналарида янги авлод IPv6 протоколини қўллаб-қувватлаши шарт этиб белгиланди, бу тармоқ сиғими ва тезлигини оширишга хизмат қилади.
Операторларнинг фойдаланувчи билан баҳслашиши тақиқланди. Агар низо келиб чиқса, қўнғироқ дарҳол юқори турувчи ходимга йўналтирилиши лозим.
Дилерларнинг фаолияти устидан назорат кучайтирилди. Эндиликда ноқонуний SIM-карталар савдоси ёки қоидабузарликка йўл қўйган дилерлар сертификатдан маҳрум қилинади. Абонентлар эса сутканинг исталган вақтида ўз ҳисоби ва техник носозликлар ҳақида маълумот олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур қоидалар соҳадаги монопол ва йирик операторларнинг ўзбошимчалигига чек қўйиши кутилмоқда. Бироқ, энг катта савол — интернет сифати белгиланган "минимал тезлик"дан паст бўлганда, истеъмолчига компенсация тўлаш механизми қандай ишлайди?
Эслатиб ўтамиз, энди тўланмаганлиги сабабли мобил рақамлар икки ойдан кейин "куймайди".

Изоҳлар мавжуд емас